Тақдимотда давлатимиз раҳбари яқин йилларда фойдаланишга топшириладиган мазкур лойиҳаларни янада такомиллаштириш юзасидан таклифларини берди.
Ўзбекистон Республикаси бош вазири ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов yuz.uz сайти мухбирига юртимиз туризмини ривожлантиришга қаратилган мазкур лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш борасида ўз фикр-муносабатларини билдирди.
— Ҳозирги кунда биз фуқароларимизга кўпроқ Ўзбекистонда дам олиш ва туризм билан шуғулланиш имкониятларини яратишимиз керак. Шу нуқтаи назардан, янги туристик зоналар ва мажмуаларни барпо этиш катта аҳамиятга эга.
Бугун бир нечта янги лойиҳалар, жумладан, Амирсой тоғли курортининг иккинчи босқичи бўйича ишлар тақдимоти бўлиб ўтди. Бу ерда қўшимча равишда янги дор, чанғи йўллари, меҳмонхоналар барпо этилиб, ҳозирги 900 гектарда жойлашган курорт яна деярли икки баравар кенгаяди.
Чимён, Билдирсой, Нанай, Яккатут курорт ҳудудларида, афсуски, ҳозирги замон талабига жавоб берадиган инфратузилма йўқлиги боис, одамлар камроқ боради. Халқимиз кўп ҳолатларда чет элда дам олишни афзал кўрмоқда. Шу боис, бу масканларга банклар, уларнинг кафолатлари остида инвесторларни жалб этган ҳолда, янги лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган. Лойиҳаларнинг барчаси хориж тажрибаси асосида ишлаб чиқилган бўлиб, замонавий туристлар мажмуалари яратилиши кўзда тутилган. Энг асосийси, бу ерларда маҳаллий аҳоли иш жойи ва даромад манбаига эга бўлади.
Шу билан бирга, ушбу туристик масканлар шанба-якшанба кунлари ёки эрталаб бориб, кечқурун қайтадиган дам олиш масканларига айлантирилади.