Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида меҳнат миграцияси соҳасида бир қатор масалалар юзасидан музокаралар ўтказиш ва аниқ келишувларга эришиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси делегацияси Россия Федерациясида бўлиб қайтган эди.
Ташриф доирасида Россиянинг йирик иш берувчи компаниялари билан ҳам учрашувлар ўтказилиб, Ўзбекистон фуқароларини ушбу корхоналарга ишга жалб қилиш бўйича қатор келишувларга эришилган.
Ушбу келишувлар доирасида Россия Федерацияси «Газпром» компаниясининг Амур вилоятидаги газни қайта ишлаш заводи атрофидаги қатор қурилишларда ишлаш учун 231 нафар фуқаро Навоий халқаро аэропортидан чартер рейс орқали жўнаб кетди.
Таъкидлаш жоиз, уларнинг транспорт, овқатланиш, патент ва яшаш харажатлари, агарда ишчи коронавирус билан касалланса, унинг даволаниши иш берувчи компаниялар томонидан таъминланиши белгиланган, деб хабар беради Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги матбуот хизмати.