2022 йил 14 февралда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейида ўзбек халқининг атоқли фарзанди, мутафаккир, шоир, истеъдодли саркарда, давлат арбоби, тарихчи, географ, этнограф ва қўйингки серқирра олим Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудига бағишланган “Анда жоним қолди менинг” мавзуидаги бадиий-маърифий кеча бўлиб ўтди.
Тадбирни кириш сўзи билан лицей директори, истеъфодаги подполковник Рустам Қосимов очиб берди. Тадбир ишида Жамоат хавфсизлиги университети профессор-ўқитувчилари иштирок этди. Сўзга чиққан нотиқлар барчани байрам билан қутлаб, бобокалонимизни серқирра ижодкор эканликларини эътироф этиб, ўқувчилар учун шоирнинг номаълум бўлган ҳаётий фактларини сўзлаб беришди.
Айниқса, доцент Элмирза Эркаевнинг маърузаси ўқувчи ёшларда катта қизиқиш уйғотди. Нотиқ бобокалонимизнинг тоғлар оша Ҳиротдан Кобул шаҳрига қайтишларини ва бу йўлда қанчалар машаққат чекканларини ҳамда бу қийинчиликларни сабот билан енгганларини гапириб берди. Университет профессор-ўқитувчилари бобомизнинг қаламига мансуб “Бобурнома” асари ҳарбий хизматчиларнинг китоб жавонидан, албатта, жой олиши даркорлигини айтиб ўтишди.
Маърузалар оралиғида лицей ўқитувчилари Наргис Ишматова ва Хотира Ирисбоевалар раҳбарлигидаги лицей ўқувчилари томонидан тайёрланган саҳна кўринишлари ва ғазалхонлик чиқишлари намойиш этилди. Тадбир иштирокчиларини лицей ўқувчиси Арслонбек Абдукаримов яратган Заҳириддин Муҳаммад Бобур образи ўзига ром қилди.
Бу саҳна кўриниши Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар” романидан олинган бўлиб, унда шох ва шоирнинг ўлим саҳнаси намойиш этилди. Тадбир ўқувчиларда катта таассурот қолдирди. Жамоат хавфсизлиги университети профессор-ўқитувчилари бу каби тадбирларни мунтазам ўтказиб бориш, ҳамкорликни янада кучайтириш лозимлигини таъкидладилар.
Тўлқин Сайдалиев,
Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети профессори