Андижон вилояти делегацияси аъзолари Россия Федерацияси Савдо-саноат палатасининг қурилиш соҳасида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш қўмитаси ҳамда касб-ҳунарни ривожлантириш ўқув маркази вакиллари билан учрашув ўтказиб, меҳнат миграцияси ва касбга ўқитиш курсларини ташкил этиш йўналишида ҳамкорлик қилиш юзасидан уч томонлама келишув имзолади.

Унга асосан, Россия Федерацияси Савдо-саноат палатаси томонидан ишончли иш берувчиларни тавсия қилиш, фуқароларни муносиб иш ўринларига ишга жойлаштириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, хорижда ишлаш истагидаги фуқароларнинг касбий малакасини ошириш ишлари амалга оширилади.

Учрашувда Москва шаҳри ва вилоятидаги юқори маош таклиф этаётган иш берувчи компаниялар талабига кўра, малакали мутахассислар зарурлигини алоҳида қайд этилди.

Жумладан, қурилиш учун 3 мингдан зиёд, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасида 500 дан ортиқ малакали ва рус тилини биладиган мутахассисларга талаб бор.

Тадбир якунида меҳнат миграцияси соҳасида Андижон ва Москва ўртасида тизимли ишларни ташкил этиш бўйича «Йўл харитаси» ишлаб чиқилиб, уни Андижон намунаси мисолида амалга ошириш юзасидан келишиб олинди.