Вазирлар Маҳкамасининг “Андижон иқтисодиёт ва қурилиш институтини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Белгиланишича:
Институт юридик шахс мақомига эга бўлган давлат олий таълим муассасаси ҳисобланади, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бланкаларга, мустақил балансга ҳамда шахсий ғазна ҳисобварақлари ва банк ҳисобварақларига эга бўлади;
Институт Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимида фаолият юритади;
Институтда таълим фаолияти 2020/2021 ўқув йилидан бошланади;
2020/2021 ўқув йили учун Институтга кундузги таълим шакли бўйича қабул кўрсаткичлари иловага мувофиқ тасдиқланади;
Институтга талабаларни қабул қилиш ҳар йили тасдиқланадиган республика олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш параметрларидан келиб чиққан ҳолда давлат буюртмаси ва тўлов-контракт асосида белгиланади.
Андижон вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Андижон вилояти, Андижон шаҳри, Навоий шоҳ кўчаси, 15а -уйда жойлашган Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги техникум (собиқ Андижон маиший хизмат касб-ҳунар коллежи) бино ва иншоотларини (мавжуд жиҳоз ва мебеллари билан) тегишли ҳудуди билан биргаликда Институтга оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бериш тўғрисидаги таклифи маъқулланади.