Жорий йилда маҳаллаларда ўтказилган ўрганишлар натижасида тумандаги 3 минг 476 нафар хотин-қиз «Аёллар дафтари»га киритилди. Уларнинг 1 минг 852 нафари ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиш учун банкдан кредит олиш истагини билдирган.

Мулоқотда вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси, АТ Халқ банки вилоят ҳудудий филиали, Шаҳрихон туман ҳокимлиги мутахассислари томонидан туманда кредит олиш истагидаги 528 нафар ҳунарманд хотин-қизга 2 миллиард 640 миллион сўм миқдоридаги имтиёзли кредитлар ажратилиши таъкидланди. Шунингдек, мазкур маблағлар босқичма-босқич берилиши, уни мақсадли сарфлаш ва қайтариш юзасидан маълумот ва тушунчалар берилди.

Учрашув давомида вилоят ҳокими ўз тадбиркорлигини бошлаш ва кенгайтириш арафасида турган юз нафар хотин-қизга имтиёзли кредит ҳисобидан 5 миллион сўмдан нақд пул топширди.

– Мен ўз хонадонимда тикувчилик билан шуғулланаман, – дейди Шаҳрихон маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Мадинахон Оталиқова.

– Икки нафар шогирдим билан иш юритаман, асосан аёллар либосларини тикиб сотамиз. Фаолиятимни кенгайтириш мақсадида кредит олиш учун мурожаат қилган эдим. Менга кредит ажратиладиган бўлди. Вилоят ҳокими бериладиган кредит ҳисобидан 5 миллион сўм нақд пул бергани эса менга ёрдам бўлди, албатта. Энг муҳими, мен маҳалламиздаги ишсиз ёшлардан яна икки нафарини шогирд қилиб ёнимга оламан. Уларга ҳунар ўргатаман, тикувчилик билан мустақил шуғулланишларига ёрдам бераман.

Мулоқот давомида хотин-қизларнинг турли масалалар юзасидан мурожаатлари ҳам шу ернинг ўзида ҳал этилди. Жумладан, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан 15 нафар аёлга соғлигини тиклаши учун имтиёзли йўлланма берилди. Шаҳрихон туман ҳокимлиги эса қийин шароитда яшаётган 4 нафар аёлнинг уй-жойини ҳомийлик асосида таъмирлаб берадиган бўлди.