Бугун эрта тонгдан Андижон шаҳридаги Алишер Навоий ҳайкали пойига гул қўйиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда айни дамда тадбирдан хабар тайёрлаётган Yuz.uz мухбири З.Акбарова маълум қилди.

Маросимдан сўнг, Андижон вилоятининг 2026 йилда «Туркий давлатлар маданият пойтахти» деб эълон қилиниши муносабати билан амалга ошириладиган тадбирлар муҳокама қилинди. Унда Маданият вазири Озодбек Назарбеков, Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов, TURKSOY Бош котиби Султон Раев, соҳанинг масъул ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Учрашув давомида 2026 йил — «Туркий давлатлар маданият пойтахти» доирасида ўтказиладиган кенг қамровли маданий-маърифий тадбирлар режаси келишиб олинди.

Маълум қилинишича, мазкур мақом доирасида TURKSOY Бош котибияти, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда Андижон вилояти ҳокимлиги ўртасида ҳамкорликда махсус тадбирлар дастури ишлаб чиқилган.

Жумладан, Андижон полкаси рақсини Гиннес рекордлар китобига киритиш, халқаро опера ва театр фестиваллари, кино ва анимация фестивалларини Андижон шаҳрида ўтказиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, дунёнинг 40 нафар энг машҳур фотоусталари иштирокида Андижон ва унинг тарихи ҳақида катта фотоальбом тайёрланиши белгиланган.

Қайд этилишича, фотоальбом ўзбек, инглиз ва турк тилларида нашр этилиб, «Туркий дунёнинг маданий пойтахти — Андижон» очилиш маросимида тақдим этилади.