ИИВ Ахборот хизматининг хабар беришича, якунда Андижон вилояти ҳокимлиги мажлислар залида вилоят ҳамда туман-шаҳар сектор раҳбарлари, корхона ва ташкилотларнинг бошлиқлари ҳамда бошқа масъуллар иштирокида танқидий-таҳлилий йиғилиш бўлиб ўтди.

Тадбирда вилоятда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш аҳволи қониқарли даражада эмаслиги қаттиқ танқид остига олинди.

Жумладан, жорий йил бошидан шу кунга қадар жисмоний ва юридик шахслар томонидан 50 мингта мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан 24 фоизи ижобий ҳал этилган бўлса, қолган 72 фоизига эса мутасаддилар томонидан тўғри тушунтириш билан чекланилган холос.

Ишчи гуруҳ аъзоларининг ўрганиш натижаларига кўра, фуқароларнинг муаммоларига етарли эътибор қаратмаган, уларни ҳал этишга суст муносабатда бўлган бир қатор туман-шаҳарларнинг сектор раҳбарлари қатъий огоҳлантирилди. Бу борадаги ишларни жадаллаштириш аҳоли муаммолари билан ишлашда тизимли иш ташкил этишлари тўғрисида кўрсатма ва топшириқлар берилди.

Ўз фаолиятида камчиликка йўл қўйган бир қатор шаҳар-туман ИИБ бошлиқларига огоҳлантиришлар берилди. Андижон, Олтинкўл ҳамда Булоқбоши туманлари ИИБ бошлиқларининг биринчи ўринбосарлари лавозимидан озод этилди. Бир қатор камчиликларга йўл қўйган ИИО ходимларига ҳайфсан интизомий жазоси қўлланилди.

Аниқланган камчиликларни тез фурсатда бартараф этиш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилиб, уларнинг масъулияти оширилди.