Андижон шаҳрида Давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлар органлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида ўз уйида нарколаборатория ташкил қилган, 1987 йилда туғилган фуқаро қўлга олинди.
Текширувлар пайтида унинг яшаш хонадонидан “гашиш”, кристал кўринишидаги синтетик модда, “Тропикамид” кучли таъсир қилувчи дори воситалари, гиёҳвандлик тайёрлашда ишлатиладиган хом-ашёлар, махсус идишлар, зип-пакетлар, 4 та телефон ва 1 та ноутбук ашёвий далил сифатида олинди.
Ноутбукни кўздан кечириш жараёнида мижозларга синтетик гиёҳванд моддаларни сотиш ва локация ташлаб беришда фойдаланилган 3 та Telegram-бот, шунингдек, уй шароитида нарколаборатория ташкил қилишга оид видео ва слайд кўринишидаги қўлланмалар мавжудлиги аниқланди.
Ҳолат юзасидан фуқарога нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси 2-қисми бўйича жиноят иши қўзғатилди ва “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди. Ашёвий далиллар экспертизага юборилган.
Тергов ҳаракатлари доирасида унинг жиноий алоқаларини аниқлаш бўйича ишлар давом этмоқда.