Маълум қилинишича, Андижон девзира оши асрлар давомида шаклланган ошпазлик анъаналари, ўзига хос тайёрланиш услуби ва бетакрор таъми билан ажралиб турадиган миллий таомлардан бири ҳисобланади. У асосан Фарғона водийсида етиштириладиган машҳур девзира гуручи асосида тайёрланади.
Девзира гуручи қизғиш тусли, зич ва сифатли доналари билан машҳур бўлиб, ошга ўзига хос таъм, хушбўйлик ва дона-дона кўриниш бағишлайди.
Адлия вазирлигига кўра, географик кўрсаткич мақомининг берилиши «Андижон девзира оши» номи ҳамда унинг анъанавий тайёрлаш технологиясини ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилиш, маҳсулотнинг ўзига хослигини сақлаш ва сифат кафолатларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шунингдек, мазкур мақом Андижон вилоятининг гастрономик салоҳиятини намоён этиш, миллий брендларни ривожлантириш, туризмни қўллаб-қувватлаш ҳамда ўзбек ошпазлик маданиятини халқаро майдонда тарғиб қилиш учун муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланмоқда.
Мутахассислар фикрича, Андижон девзира оши нафақат миллий таом, балки халқимизнинг меҳмондўстлиги, қадриятлари ва бой маданий меросининг ёрқин тимсолидир.
Маълумот учун, географик кўрсаткич — маҳсулотнинг муайян ҳудуд билан боғлиқлигини ҳамда унинг сифати ва обрў-эътибори айнан шу ҳудуднинг табиий ва ижтимоий омиллари билан чамбарчас боғлиқ эканини тасдиқловчи интеллектуал мулк объекти ҳисобланади.