Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси маълум қилишича, текширувлар фуқароларнинг ҳаво ифлосланиши ва нафас олиш қийинлашаётгани ҳақидаги мурожаатлари асосида ўтказилган.
Андижон вилоятида оҳак ва ғишт ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолияти назоратга олинди. Масъулларга атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, экологик меъёрларга риоя этиш ва ишлаб чиқариш жараёнларини белгиланган талаблар асосида ташкил этиш бўйича тушунтиришлар берилди.
Шунингдек, корхоналардаги чанг ва газ тозалаш ускуналарининг самарадорлиги ўрганилиб, лаборатория таҳлиллари учун намуналар олинди. Таҳлил натижаларига кўра, қонунчиликда белгиланган чоралар кўрилади.
Ҳудудда аниқланган иккита қўлбола оҳак пишириш ўчоғи бартараф этилди.
Наманган вилоятида эса «S.M.» ғишт ишлаб чиқариш корхонаси атмосферага юқори даражада чанг ва газ чиқараётгани аниқланди. Шу сабабли корхона фаолияти вақтинча тўхтатилди ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси рейд тадбирлари мамлакатнинг барча ҳудудларида давом эттирилишини маълум қилди.