Маълум қилинишича, Бош прокуратуранинг шахсий хавфсизлик бошқармаси, Андижон вилояти Департаментнинг Олтинкўл тумани бўлими ҳамда бошқа идоралар ходимлари ҳамкорлигида махсус операция ўтказилган.

Унга кўра, Олтинкўл туманидаги 2-сон касб-ҳунар мактаби директори Х.Э. ариза билан мурожаат қилиб, ўзини прокуратура органларида ишловчи сифатида таништирган шахслар орқали ҳайдовчилик гувоҳномасига ўқитиш маркази очиш учун рухсатнома олиб беришни ваъда қилган шахслар 10 минг АҚШ доллари талаб қилганини билдирган.

Тезкор тадбир давомида гумонланувчи О.М. талаб қилинган пулдан 4 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Кейинги босқичда эса фуқаро А.Ю. ҳам мазкур маблағни қабул қилиб олаётган вақтида қўлга олинган.

Ўрганишлар давомида А.Ю. давлат идораларида, жумладан, прокуратура органларида ишламаслиги, пулларни алдов йўли билан олиб, шахсий эҳтиёжлари учун сарфлашни режалаштиргани маълум бўлди.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 211-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ҳурматли фуқаролар, ўзини турли давлат органлари ходими сифатида таништириб, хизматлар эвазига пул талаб қилувчи шахсларга ишонмаслик сўралади. Бундай ҳолатларга дуч келганда Бош прокуратуранинг «1161» ишонч телефонига мурожаат қилиш мумкин. Шахсий маълумотлар махфийлиги кафолатланади.