Европа стандартлари асосида ёш футболчиларни тайёрлашга ихтисослашган ушбу лойиҳа Ўзбекистонда маҳоратли футболчилар тайёрлаш тизимига ҳисса қўшади.
Мактабнинг Тошкентдаги филиали ижрочи директори Шуҳрат Эрназаров бошчилигидаги англиялик футбол мураббийлари Жиззах давлат педагогика институтида бўлди.
Тадбирда меҳмонлар аввал миллий спорт ўйинлари кўргазмасида иштирок этди. Шундан сўнг ёш футболчилар ва англиялик мураббий иштирокида маҳорат дарслари бўлиб ўтди.
Жиззах давлат педагогика институти раҳбарияти билан бўлиб ўтган суҳбатда англиялик мутахассислар Ўзбекистондаги футбол маҳорат мактабларини янги босқичга кўтариш, иқтидорли ёш футболчиларни танлаш ва саралаб олиш тизимини янада ривожлантириш, ҳамкорлик ўрнатиш бўйича ўз таклифларини билдирди.
Маҳорат дарслари сўнгида меҳмонлар энг фаол ёш футболчиларга академия логотипи туширилган спорт кийимларини тақдим этди. Ўз навбатида, хорижлик меҳмонларга ҳам эсдалик совғалар топширилди, дейилади институт ахборот хизмати хабарида.