Бугун мамлакатимизда иқтисодий ўсиш кўрсаткичларининг асосий қисми ишлаб чиқариш ва тадбиркорлик ривожи улушига тўғри келмоқда. Сўнгги йилларда ана шу икки йўналишни бирлаштириш асосида барча ҳудудларда ташкил этилаётган эркин иқтисодий зоналар таркибида замонавий корхоналарни ишга тушириш тажрибаси кутилган натижаларни бермоқда.
Тошкент вилоятида 2012 йилнинг апрель ойида тамал тоши қўйилган “Ангрен” эркин иқтисодий зонаси ҳам ана шундай йирик саноат тармоқларидан бири ҳисобланади. Жами 4 125 гектар майдондан иборат иқтисодий зона Оҳангарон ва Ангрен шаҳарлари, Оҳангарон туманидаги А-373 магистрал йўли шимолий қисмида жойлашган ҳамда Бекобод шаҳрининг 15 гектар ҳудудларини ўз ичига олади. Бир вақтлар ташландиқ, фойдаланилмай ётган бу жойларда бугун энг замонавий ишлаб чиқариш корхоналари қад ростлаган. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан ташкил этилган пресс-тур давомида журналистлар “Ангрен” ЭИЗдаги бир қанча йирик корхоналар фаолияти билан танишди.
Ҳозирги кунда зонада умумий қиймати 1 миллиард 452 миллион долларга тенг жами 117 та лойиҳа жойлаштирилган бўлиб, 60 та корхона негизида 70 та лойиҳа ишга туширилди. Бу орқали 8160 дан ортиқ киши доимий иш ва даромад манбаига эга бўлди. Жорий йилнинг январь-октябрь ойи давомида мазкур корхоналарда 3 триллион 279 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, шундан 62,1 миллион долларлик маҳсулотни экспорт қилишга эришилди.
— Саноат зонасида лойиҳаларни 2013 йилдан жойлаштириш бошланган бўлса, ўшанда 4 та корхона ишга туширилган эди, — деди “Ангрен” ЭИЗ директори Муталлибжон Хожимуродов. — Илк давр, яъни 2013—2016 йиллар мобайнида 16 та лойиҳа амалга оширилди. Кейинроқ 2016 йил 26 октябрдаги “Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини фаоллаштириш ва кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармони билан инвесторлар учун кенг кўламли солиқ ва божхона имтиёзларининг берилиши хорижлик тадбиркорларнинг қизиқишини янада оширди. Натижада 2017—2020 йилда иқтисодий зонага 101 та лойиҳани жойлаштиришга эришилди. Лойиҳаларни амалга ошириш учун 783,9 миллион долларлик инвестициялар, жумладан, 294,4 миллион доллар миқдорида тўғридан тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилди.
Тадбиркор тегишли ҳужжатларни тақдим этиб, лойиҳаси мавжуд талабларга жавоб бергач, “Ангрен” ЭИЗдан унга ер ажратилади. Шу кундан бошлаб, у саноат зонасининг бир қисмига айланади ва бошқалар қатори имтиёзларга эга бўлади. Хусусан, у ишга туширадиган корхонага электр тармоқлари, ичимлик сув ва канализация, юқори босимли газ қувури ҳамда автомобил йўлларини олиб боришни иқтисодий зона ўз зиммасига олади. Ишлаб чиқарувчига бир қатор солиқ имтиёзлари ҳам берилади. Корхона технологик ускуна ва эҳтиёт қисмлари олиб кирганда божхона тўловларидан озод қилинади. Солиқ имтиёзлари инвестиция қийматига қараб 3 йилдан 10 йилгача, божхона имтиёзлари эркин иқтисодий зона фаолияти якунигача амал қилади. “Ангрен” ЭИЗ ана шундай имкониятлари билан кўплаб инвесторларни жалб қилмоқда. Бунга айниқса, хитойлик инвесторларнинг қизиқиши юқори. Хусусан, ушбу мамлакатдан кириб келган 342 миллион долларлик тўғридан тўғри инвестиция асосида зонада 28 та лойиҳа жойлаштирилган.
“Ангрен” ЭИЗда машхур хитой брэнди
Пресс-тур иштирокчиларининг илк манзили Хитойннинг Синьцзян Халқаро савдо жамияти инвестиция маблағлари ҳисобидан ишга туширилган “Limax Gold Textile” МЧЖ корхонаси бўлди. Бу ерда жаҳонга машҳур “Limax” бренди остида йилига 10,8 миллион жуфт пайпоқ, 337 минг тонна спандекс ип, 500 тонна полиэстир ип, 60 тонна нейлон ип ҳамда 80 тонна резина ип маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. 2017 йилда иш фаолиятини йўлга қўйган корхона жорий йилда 30,9 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариб, Қозоғистон, Россия, Қирғизистон давлатларига 1,7 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилишга эришди.
Юқори қувватда ишлаётган замонавий ускуналарни бошқариб турган ишчиларнинг айтишича, ҳар бир станок 1 соатда 100 жуфт пайпоқ ишлаб чиқаради. Корхонага 230 та станок ўрнатилган бўлиб, 269 та доимий иш ўрни яратилган. “Limax Gold Textile” МЧЖ директор ўринбосари Wei Ai Guo келгуси режалар билан ўртоқлашар экан, яқин йилларда маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ҳамда маҳаллийлаштириш кўрсаткичларини янада ошириш ниятида эканини билдирди.
Маҳаллийлаштириш кўрсаткичи ортмоқда
Саноат зонасидаги яна бир йирик корхона “Quality devices” МЧЖда “Artel” ва “Shivaki” бренди остида ишлаб чиқарилаётган юқори сифатли телевизор, монитор ва микротўлқинли печь маҳсулотлари нафақат маҳаллий бозорларимиз, балки бир қанча хориж давлатларига катта миқдорда етказиб берилмоқда. 2019 йилда ишга тушган лойиҳанинг умумий қиймати 12,084 миллион доллар. Шундан 1,02 миллион доллари Туркиянинг “Ilr sabah insaat anonym sirketi” томонидан тўғридан тўғри инвестиция тарзида киритилган.
4,8 гектар майдонни эгаллаган корхона ҳудуди бир нечта ишлаб чиқариш цехи ҳамда омборхоналарни ўз ичига олади. Бу ерда маҳаллийлаштириш кўрсаткичи 65 фоиз бўлиб, телевизор панеллари, техник базаси, ташқи ва ички рамкалар ҳамда металл маҳсулотлари каби асосий ускуналар корхонанинг ўзида ишлаб чиқарилади. 2021 йилнинг май-июнь ойлари телевизорнинг лед чироқларини ҳам маҳаллийлаштириш кўзда тутилган.
Ишлаб чиқариш цехларида аосий вазифани “ақлли” технологиялар ёрдамида замонавий ускуналар бажарсада, уларни бошқариб туриш талаб этилади. Диққатни жамлаган ҳолда барча жараёнларни назорат қилиш осон эмас. Аммо корхонада меҳнат қилаётган ёш мутахассислар буни аъло даражада уддаламоқда. Бу ердаги 550 нафар ишчининг аксарияти махсус билимларга эга, ўрта махсус таълимни тамомлаган ёш йигит-қизлар экани, бежиз эмас.
Бугунги кунда “Quality devices” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга хорижда ҳам талаб ортиб бормоқда. Шу боис, жорий йилда ишлаб чиқарилган 667,6 миллиард сўмлик маҳсулотдан 4,8 миллион долларлик қисми Озарбайжон, Қозоғистон, Тожикистон, Афғонистон давлартларига экспорт қилинди. Келгусида корхона экспорт географиясини янада кенгайтириш ниятида.
Марказий Осиёда етакчи корхона
Россиянинг иссиқлик изоляцияси материаллари ишлаб чиқарувчи “Пеноплекс” корхонасининг Ўзбекистондаги филиали ҳам “Ангрен” ЭИЗда ишга туширилган. 2019 йилда фаолиятини бошлаган йирик корхонага 3,742 миллион долларлик тўғридан тўғри хорижий инвестиция киритилган бўлиб, бу ерда йилига 100 000,0 метр куб кўпиртирилган пенополистирилдан тайёрланган иссиқлик изоляция плиталар ишлаб чиқарилади.
Компаниянинг Ўзбекистондан ташқари, Россия Федерациясида 8 та, Қозоғистонда 1 та иссиқлик изоляция материаллари ишлаб чиқарадиган заводи очилган бўлиб, ўз олдига юртимиз учун янги бўлган юқори сифатли иссиқлик изоляцияси материалларини етказиб беришни мақсад қилган. Заводда Европада тайёрланган 500 кг/соат қувватга эга ишлаб чиқариш линияси ўрнатилган. У Ўзбекистон қурилиш бозори, шунингдек, Марказий Осиёнинг бошқа давлатларидаги изоляцион материалларига бўлган талабни қондириш имконини беради.
Айни пайтда корхонада 111 кишининг доимий бандлиги таъминланган бўлиб, уларнинг сифатли ишлаши учун қулай шароитлар яратилган. Заводлардаги ишлаб чиқариш ҳажми ҳам йилдан йилга ортиб бормоқда. Жорий йилда қиймати 34,2 миллиард сўмлик 55 минг метр куб иссиқлик изоляция материаллари ишлаб чиқарилиб, шундан 233,4 миллион долларлик маҳсулот чет давлатларга экспорт қилинди.
Керамика соҳасига ихтисослашаётган Ангрен
Қизғин руҳда ўтган пресс-тур давомида журналистлар керамик плиткалар ишлаб чиқарадиган “Lyux Granit” ҳамда глазурланган керамик плиткалар тайёрланадиган “National Ceramix” корхоналарида ҳам бўлиб, Ўзбекистон бозорига чиқарилаётган шу турдаги маҳсулотларнинг энг сифатли ва ранг-баранг хиллари билан танишди.
Маҳаллий инвестор Олимжон Набиқулов томонидан ташкил этилган “Lyux Granit” МЧЖ керомагранит ишлаб чиқариш бўйича Ўзбекистонда иккинчи, ишлаб чиқариш қувватига кўра энг каттаси ҳисобланади. Корхонада ўрнатилган ускуналар Италиянинг машҳур “Siti B&T Group” компанияси томонидан тайёрланган бўлиб, жараёнда асосан маҳаллий хомашёдан фойдаланилади.
“National Ceramix” МЧЖ қўшма корхонаси ҳам керамик плиталар ишлаб чиқараётган Марказий Осиёдаги етакчи компаниялардан бирига айланган. Бугунги кунда мазкур корхонада бозор талабига мос тарзда турли ҳажм, хилма-хил рангда пол ва деворга мўлжалланган керамик плиталар ҳамда керомагранит ишлаб чиқарилмоқда. Жорий йилда 63,1 миллиард сўмлик маҳсулот тайёрланиб, шундан 2,1 миллион долларлик маҳсулот хорижга экспорт қилинди.
Ана шундай йирик инвестицион лойиҳаларни амалга ошираётган “Ангрен” ЭИЗда келгуси режалар ҳам бисёр. Ҳозирги кунда бу ерда умумий қиймати 97,1 миллион долларлик яна 7 та лойиҳани жойлаштириш масаласи кўриб чиқилмоқда. Булар қаторида Ўзбекистон бозорида талаб юқори бўлган ойна, скотч, нотўқима маҳсулотлар, саноат совутгичларни ишлаб чиқариш режалари бор. Уларни амалга ошириш учун 97 миллион долларлик инвестия маблағларини жалб этиш кўзда тутилган. Лойиҳалар тасдиқланган тақдирда қўшимча 50 гектар ер майдонлари банд қилиниб, 820 та янги иш жойлари яратилади.
Ирода ТОШМАТОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири