Давлатимиз раҳбари томонидан келгуси йил якунига қадар марказлар орқали кўрсатиладиган давлат хизматлари сонини ҳозирги 172 тадан 300 тага, мобиль илова орқали кўрсатиладиганларини 60 тадан 250 тага етказиш вазифасини қўйилди.

 Ангрен шаҳар Давлат хизматлари маркази томонидан жорий йилнинг ўтган уч ойи мобайнида  жисмоний ва юридик шахсларга жами 25 мингга яқин давлат хизматлари кўрсатилиб, шу жумладан 300 та тадбиркорлик субъектлари давлат рўйхатидан ўтказилди. Уларнинг 105 тасини юридик шахс мақомига эга бўлмаган тадбиркорлик субъектлари ташкил этади. Шунингдек,  3 та хорижий инвестиция иштирокидаги (қўшма ва хорижий) корхона давлат рўйхатидан ўтказилди.

Бугун давр шитоб билан ўзгариб бормоқда. Замонга ҳамоҳанг талаблар ҳам шунга яраша кучаймоқда. Ангрен шаҳар Давлат хизматлари маркази биноси эски ва торлиги, етарли шарт-шароитлар яратилмаганлиги туфайли аҳолига давлат хизматларини кўрсатишда жиддий муаммоларга дуч келинар эди.  

Куни-кеча Тошкент вилоятида замонавий ИТ-коммуникация технологиялари билан жиҳозланган Ангрен шаҳар Давлат хизматлари марказининг янги биноси фойдаланишга топширилди.

Марказ биноси  700 квадрат метр майдонга эга бўлиб,  бир кунда 500-600 нафар мурожаатчиларга хизмат кўрсатиш имконияти яратилган. Марказда  электрон навбат тизими, ахборот киоскаси, ўз-ўзига хизмат кўрсатиш, инвесторлар, ҳунармандлар ва саломатлик бурчаклари, болалар майдончаси,  ҳамда кичик кутубхона ташкил қилинган. Шунингдек, шаҳар ФҲДЁ бўлими ҳам шу бинога жойлаштирилган.

— Янги марказ биносида аҳолига хизмат кўрсатиш жараёни ва хизмат кўрсатган ходимларни баҳолаш имконияти ҳам яратилган, — дейди Ангрен шаҳар Давлат хизматлари маркази директори Ғайрат Аҳмедов. — Бу эса фуқаролар билан қайта алоқанинг муҳим усулларидан бири сифатида мурожаатчилар учун хизмат кўрсатиш сифатини янада оширишга кўмак беради. Шунингдек, марказда давлат хизматларидан фойдаланишда бармоқ изи сканерлари тўлиқ жорий этилган бўлиб,  улар ёрдамида электрон рақамли имзо калитларини тасдиқлаш билан боғлиқ жараёнлар амалга оширилади.

Жисмоний имконияти чекланган, турли сабабларга кўра ногирон бўлиб қолган мурожаатчиларга ҳам барча шароитларни яратиш мақсадида ногиронлик аравачаси орқали бинога кириш имконини берувчи пандус  йўлаклари ва махсус хоналар мавжуд.

Ангрен шаҳри водий вилоятларини боғловчи чорраҳада жойлашган. Янги марказ биноси катта йўл ёқасида бўлиб, шаҳарнинг 200 мингдан ортиқ аҳолисига  ва экстерриториал тамойили асосида водий вилоятлари ҳамда   республикамизнинг барча ҳудудларидан ташриф буюрадиган меҳмонларга ҳам хизмат кўрсатади.

Тошкент вилоятида 22 та Давлат хизматлари маркази мавжуд бўлиб, шу кунгача  уларнинг 16 таси замонавий жиҳозланган биноларга эга бўлди.

Адлия вазирлиги ҳузуридаги

Давлат хизматлари агентлиги

Тошкент вилоят бошқармаси матбуот хизмати