Хусусан, 77-моддада ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбур эканлиги, етим болаларни ҳамда ота-онасининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқишни, тарбиялашни, уларнинг таълим олишини, соғлом ва ҳар томонлама камол топишини таъминлашда давлат ва жамият масъул эканлиги белгилаб берилди.

Фарзандлар ота-онасининг насл-насаби ва фуқаролик ҳолатидан қатъи назар, қонун олдида тенг эканлигининг белгиланиши уларнинг оилавий ҳолатига қараб камситишга ёки қонунда белгиланган ҳуқуқларга таъсир қилмаслиги, чекловлар қўйилмаслиги кераклигини мустаҳкамлаб берди.

Шунингдек, боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш давлатнинг мажбурияти эканлиги эътироф этилди.

Болаларда ҳамда ёшларда миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқликни, мамлакатидан ҳамда халқнинг бой маданий ва маънавий меросидан фахрланишни, ватанпарварлик ва Ватанга бўлган меҳр-муҳаббат туйғуларини шакллантириш мақсадида 18 ёшгача бўлган болаларнинг маданий мерос объектларига, жумладан кўргазмалар, тарихий обидалар ва зиёратгоҳлар, шунингдек, давлат музейларига тўловсиз кириш тартибини жорий этиш назарда тутилди.

Биринчи марта 78-моддада Ўзбекистон халқини миллатидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ташкил этишини инобатга олиб, республикада яшовчи барча фуқароларнинг анъанавий оилавий қадриятларини ҳурмат қилиши эътироф этилмоқда.

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон халқининг анъанавий оилавий қадриятлари деганда фуқароларнинг Конституция ва қонунларга, шу жумладан, Оила кодексига зид бўлмаган анъаналари тушунилади. Амалдаги конституциянинг 63-моддасида оила жамиятнинг асоси бўғини ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиши, никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланиши белгилангани билан республикада яшовчи барча фуқароларнинг анъанавий оилавий қадриятларини ҳурмат қилиши эътироф этилмаган.

Конституциямиздаги мазкур янгиликлар оила институтига бўлган муносабат, болалар ҳуқуқларини таъминлашга доир қонунчилик янада такомиллашишига олиб келишини Тошкент давлат юридик университетида бўлиб ўтадиган учрашувлар ва сабоқлар давомида таъкидлаб ўтилмоқда.

Зиёда ТЎРАБОЕВА,

Тошкент давлат юридик университети Жиноят ҳуқуқи,

криминология ва коррупсияга қарши курашиш

кафедраси катта ўқитувчиси