“Ватандошлар” жамоат фонди ҳамда “Миллий тикланиш” демократик партияси, қатор вазирлик ва мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилаётган маърифий лойиҳада Қатар, Италия, Нидерландия, АҚШ, Греция, Россия, Корея Республикаси, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон каби 14 та давлатдан жами 250 га яқин ватандошларимизнинг 7 ёшдан 14 ёшгача бўлган фарзандлари иштирок этмоқда.
“Бир Ватан, бир миллат, бир юрак” шиори остидаги мазкур лойиҳа жорий йилнинг 22 июлидан 3 августга қадар Тошкент вилоятидаги “Янги Ўзбекистон” болалар ёзги дам олиш оромгоҳида бўлиб ўтмоқда.
Лойиҳанинг асосий мақсади — хориждаги ёш ватандошларни Ўзбекистон билан яқиндан таништириш, уларнинг маънавий ришталарини мустаҳкамлаш, миллий қадриятлар, ўзбек тили, тарихи ва маданиятига қизиқишини ошириш, турли давлатларда истиқомат қилаётган ёш ватандошлар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини шакллантиришдан иборат.
Дастур давомида иштирокчилар таниқли болалар ёзувчилари, давлат ва жамоат арбоблари, депутатлар, ёшлар етакчилари билан очиқ мулоқотларда, шунингдек, “Ҳарбий-ватанпарварлик” мавзусида ҳарбийлар билан учрашувларда иштирок этадилар. Шу билан бирга, Янги Ўзбекистоннинг замонавий қиёфаси, миллий армия анъаналари ва Ватан ҳимояси ғоясини таништириш мақсадида ҳарбийлар иштирокида кўргазмали чиқишлар ҳамда ҳарбий оркестрнинг концерт дастури ташкил этилади.
Шунингдек, болалар учун миллий спорт ўйинлари намойиши, ўзбек тили бўйича маҳорат дарслари, Ёшлар парламенти аъзолари иштирокида “Болалар парламенти” модели, диктант ва дебатлар, болалар ҳуқуқларига оид тақдимотлар, иншолар танлови, китобхонлик тадбирлари, миллий ҳунармандчилик ва ўзбек миллий таомларидан маҳорат дарслари, қадриятлар фестивали ва миллий рақс кечалари, шахмат гроссмейстерлари билан учрашув ва мусобақалар, “Заковат” интеллектуал ўйини, дарахт экиш экологик акцияси, ижодий танловлар, “Бир Ватан, бир миллат, бир юрак!” мавзусида флешмоблар ҳамда ўзбек тилидаги кино ва мультфильмлар намойишлари ҳамда моҳир пазандалар билан нон ва сомса сайли ўтказилади.
Дастур доирасида бир вақтнинг ўзида 250 нафар иштирокчи иштирокида “Оммавий диктант” лойиҳаси ҳам ўтказилади. Мазкур лойиҳа хорижда истиқомат қилаётган ёш ватандошларнинг давлат тили бўйича саводхонлигини ошириш, уларда она тилига меҳр ва ҳурмат туйғусини мустаҳкамлаш, шунингдек, ўзбек тилида эркин ва саводли ёзиш кўникмаларини ривожлантиришга хизмат қилади.
Оромгоҳ дастурида ўзбек тилини ўрганиш ва тарғиб қилишга бағишланган яна бир қатор тадбирлар ҳам ўрин олган. Жумладан, “Ўзбекча 24/7” челленжи, “Ўзбекчаси бор-ку!”, “Бехато ёз”, “Соф ўзбек тилида” акциялари, ўзбек тили бўйича маҳорат дарслари ҳамда “Ўз тилим — ўзлигим” мавзусида дебатлар ташкил этилади.
“Анор” лойиҳаси хорижда яшаётган ёш ватандошларнинг Ўзбекистон билан маънавий ришталарини мустаҳкамловчи, дунё бўйлаб яшайдиган авлодларни ягона миллий қадриятлар атрофида бирлаштирувчи кенг кўламли маърифий лойиҳадир.
Ушбу лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида шаклланган янги ёндашувнинг, яъни дунёнинг қайси нуқтасида бўлишидан қатъи назар, ҳар бир ватандошга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, уларни ягона Ватан ғояси атрофида бирлаштиришга қаратилган давлат сиёсатининг амалий ифодасидир.
Бугун хорижда яшаётган ўзбеклар нафақат тарихий-маданий меросимизнинг давомчилари, балки Ўзбекистоннинг дунёдаги маънавий элчилари сифатида эътироф этилмоқда. Мазкур эзгу мақсадлар йўлида “Ватандошлар” жамоат фонди ва “Миллий тикланиш” демократик партияси бу йил илк бор кенг қамровли ҳамкорлик асосида бирлашиб, хориждаги ёш ватандошларни қўллаб-қувватлаш, уларда миллий ғурур ва Ватанга дахлдорлик туйғуларини кучайтиришга қаратилган мазкур лойиҳани амалга оширмоқда.
Таъкидлаш лозимки, “Миллий тикланиш” демократик партияси ўзининг 2025–2029 йилларга мўлжалланган сайловолди дастурида хориждаги ватандошлар манфаатларини ҳимоя қилиш, улар билан алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда Ўзбекистоннинг миллий қадриятларини дунёда кенг тарғиб қилишни муҳим вазифалардан бири сифатида белгилаган. Шу боис мазкур ҳамкорлик икки ташкилотнинг оддий ташаббуси эмас, балки хориждаги ёш ватандошларнинг миллий ўзлиги, тили ва маънавий илдизлари билан боғлиқлигини янада мустаҳкамлашга қаратилган эзгу ташаббусдир.
Лойиҳа якунида “Ватандошлар” жамоат фонди ҳамда “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий Кенгаши раҳбарларининг лойиҳа иштирокчилари билан очиқ мулоқоти ташкил этилади. Шунингдек, улар иштирокчилар билан биргаликда ўзбек миллий таоми — ош тайёрлайдилар. Ушбу жараёнда таниқли ошпаз Баҳриддин Чустий ҳам иштирок этади.
Дастур сўнггида раҳбарлар ва лойиҳа иштирокчилари биргаликда оромгоҳ ҳудудида “Ватандошлар боғи”ни барпо этадилар.
Шунингдек, лойиҳа доирасида ўтказилган 10 га яқин танловда ғолиб бўлган ҳамда фаол иштирок этган ёш ватандошлар муносиб тақдирланади.