Ушбу мукофотга, шунингдек, Франциянинг тинчлик учун ва экстремизмга қарши курашиш бўйича ассоциацияси раҳбари Латифа Ибн Зиатен ҳам сазовор бўлди. Унинг ўғли 2012 йилда содир этилган террорчилик ҳужуми қурбони бўлган.
Зайд "Инсон биродарлиги" мукофоти 2019 йилда алоҳида шахслар ёки ташкилотларнинг инсоният тараққиёти йўлидаги улкан ютуқларини рағбатлантириш учун таъсис этилган. Бундан аввал ушбу мукофот билан ал-Азҳар мажмуаси олий имоми Аҳмад ат-Тойиб ва католик черкови раҳбари Папа Франциск тақдирланган.
Уларга мукофот Абу Даби шаҳрида Инсон биродарлиги тўғрисидаги декларация имзолангандан сўнг топширилган. Мазкур декларация инсониятни турли қарама-қаршиликлар ва келишмовчиликларни четга суриб, ўзаро англаш ва ярашиш орқали тараққиётга интилишга ундайди.
2021 йилги Зайд "Инсон биродарлиги" мукофоти совриндорларига 1 миллион доллар берилади. Маблағ улар ўртасида тенг тақсимланади.
«Мен 500 минг доллар миқдордаги мукофотни инсоният оиласининг энг ҳимоясиз аъзолари - қочқинларни ҳимоя қилиш учун БМТ Қочқинлар бўйича Олий Комиссариятига топширишга қарор қилдим, - деб эълон қилди Антониу Гутерриш. - Дунё COVID-19 пандемияси, иқтисодий инқироз, фавқулодда иқлим ўзгаришлари ва бошқа таҳдидларга дуч келаётган бир пайтда, ҳамжиҳатлик намоён этиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим. Келажакда биз қуришга интилаётган жамиятда нафрат учун жой бўлмаслиги керак».
Мукофот Абу-Дабининг марҳум ҳукмдори ва Бирлашган Араб Амирликларининг асосчиси шайх Зайд бин Султон Ал Наҳайён шарафига номланган.
Эслатиб ўтамиз, БМТ Бош Ассамблеяси динлараро ва маданиятлараро мулоқотни ривожлантириш мақсадида 4 феврални Халқаро инсон биродарлиги куни, деб эълон қилган.