Бу ҳақда Президентнинг “Ички ишлар органларининг миграция ва персоналлаштириш соҳасидаги фаолиятини рақамлаштириш орқали сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган.

Қарорга кўра, бунда:

  • дастлабки босқичда “Ақлли” миграция шохобчаларида белгиланган давлат хизматлари кўрсатилади;
  • Ички ишлар вазирлиги томонидан ўзига ўзи кўрсатиладиган хизматлар турлари кенгайтириб борилади.

2026 йил 1 майдан Миграция ва персоналлаштириш департаменти ва унинг ҳудудий бошқармаларига Ўзбекистонга электрон кириш визаси асосида кириб келган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг электрон визалари амал қилиш муддатини 1 маротаба 30 кунгача узайтириш ҳуқуқи берилади.

Чет эл фуқароларига Ўзбекистон ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берадиган тасдиқномани расмийлаштириш ваколати Департамент ва унинг ҳудудий бошқармаларига ҳам берилади.

2026 йил 1 сентябрдан талабалар ётоқхонасига жойлашиш бўйича шартнома тузиш билан бир вақтда талабаларни турган жойи бўйича рўйхатга олишнинг композит тартиби жорий этилади.