Мазкур нашрда ҳар йили 187 давлат ва ҳудуд, жумладан, АҚШнинг ҳам, ҳукуматлар томонидан одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши кураш юзасидан олиб бораётган саъй-ҳаракатлари акс эттирилади. Мамлакатлар Палерма протоколининг "уч П"ни кузатадиган минимал стандартлари (одам сотиш билан шуғулланувчиларни жиноий таъқиб қилиш, одам савдоси қурбонларини ҳимоя қилиш ва одам савдосининг олдини олиш) бўйича баҳоланади.
Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда мамлакатимизда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан инсон ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида мажбурий меҳнатнинг олдини олиш ва унга барҳам беришга, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга доир кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.
Мазкур ҳолат ҳисоботда ҳам келтирилиб, Ўзбекистон кузатув рўйхати (Tier 2 Watch List) даги мамлакатларнинг иккинчи даражасида бўлишига қарамасдан, юртимиздаги ижобий янгиланишлар ва ҳукумат томонидан вазиятни ўзгартириш бўйича кўрилган чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратилган.
"Марказий Осиёдаги айрим мамлакатларда ҳукуматлар халқни пахта саноати ва бошқа соҳаларда ишлашга мажбур қилиши узоқ тарихга эга. Ўзбекистоннинг ушбу муаммони ҳал этиш борасидаги саъй-ҳаракатлари минтақадаги бошқа мамлакатлар учун янги стандартларни ўрнатмоқда", – деди тақдимот чоғида Давлат котиби.
2019 йилда фуқаролик фаоллари билан учинчи томон мониторингини олиб бориш, одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига асосан Миллий комиссияси тузилди.
Ушбу Миллий комиссия Сенат раиси раҳбарлигида ташкил этилган бўлиб, унинг натижасида профилактика ишлари кучайтирилди. Мазкур комиссия, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ҳамда Ички ишлар вазири раислигидаги 2 та мажбурий меҳнатга қарши курашиш ва одам савдосига қарши курашиш қуйи комиссияларидан иборат.
Мажбурий меҳнатга барҳам бериш мақсадида Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига маъмурий жавобгарликни кучайтирувчи ҳамда жиноий жавобгарликни белгиловчи нормалар киритилди. Маъмурий жавобгарлик чоралари базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача кўпайтирилиб (11 млн - 22 млн сўмгача), 2020 йилдан бошлаб болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўйганлик учун озодликдан маҳрум қилиш жазосини ҳам кўзда тутувчи жиноий жавобгарлик белгиланди.
Мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасидаги қонунчилик ҳужжатларини амалда кенг татбиқ қилиш бўйича Давлат меҳнат инспекцияси томонидан 2 779 та ташкилот, корхона, муассаса ва фермер хўжаликларида ходимларни меҳнатга мажбурий жалб этиш ҳолатларини ўрганиш ишлар олиб борилди.
2019 йил давомида мажбурий меҳнатга йўл қўйган 259 нафар (шундан 118 та ҳолат пахта йиғим-терими мавсуми билан боғлиқ, 18 нафари туман, шаҳар ҳокимлари ва уларнинг ўринбосарлари) ва иш ҳақларини ўз вақтида бермаган ҳамда зарур меҳнат шароитлари яратмаган 56 нафар мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий жарималар қўлланилди.
2020 йилнинг 5 ойи давомида жами 28 та ҳолатда фуқаролар мажбурий равишда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларига жалб этилган бўлиб, шундан Тошкент вилоятида 6 та, Андижон вилояти 3 та, Қорақалпоғистон Республикасида 3 та ва Самарқанд вилоятида 2 та ҳолатлар аниқланган. Мажбурий меҳнатга жалб қилганлиги сабабли мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий жарима қўлланилган.
Мажбурий меҳнатга қарши курашнинг тезкор ҳамда марказлашган механизмини жорий этиш мақсадида фуқаролар томонидан келиб тушадиган мурожаатларни тезкорлик билан рўйхатга олувчи Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг “1176” рақамли ишонч телефони, www.dmi.mehnat.uz сайти, “mehnathuquqbot” телеграм боти ташкил қилинди.
Юқорида санаб ўтилган тармоқлар орқали мурожаатларни кўриб чиқишнинг эътиборли жиҳати шундаки, халқаро экспертларнинг тавсиялари асосида мажбурий меҳнат ҳолатлари гувоҳи бўлган ёки унинг қурбонига айланган мурожаатчининг талабига биноан муаллиф тўғрисидаги маълумотлар сир сақланиши кафолатланади.
Шунингдек, 2019 йилда юқорида таъкидланган тармоқлар орқали мажбурий меҳнат билан боғлиқ жами 1 282 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 609 таси пахта ва бошқа қишлоқ хўжалиги ишларига, 384 таси ободонлаштириш ишларига, 228 таси қурилиш, таъмирлаш ишларига ва 61 таси навбатчиликка жалб қилиш билан боғлиқ масалаларга оиддир.
Барча мурожаатлар бўйича ўрганишлар ўтказилиб, фуқароларни бузилган меҳнат ҳуқуқлари тикланиб, тегишли тушунтириш ва маслаҳатлар берилган.
Халқаро меҳнат нормаларини миллий қонунчиликка имплементация қилиш бўйича ишлар давом эттирилди – ХМТнинг 4 та конвенцияси ратификация қилинди (“Уч томонлама маслаҳатлашувлар тўғрисида”ги 144-сонли, “Қишлоқ хўжалигида меҳнат инспекцияси тўғрисида”ги 129-сонли, “Саноат ва савдода меҳнат инспекцияси тўғрисида”ги 81-сонли конвенциялар ва “Мажбурий меҳнат тўғрисида”ги 29-сонли Конвенциясига Баённома). Ушбу конвецияларнинг амалга оширилишида мутасадди давлат органи ҳисобланган Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги конвецияларга Ўзбекистоннинг қўшилиши бўйича қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва Олий Мажлисга киритиш бўйича асосий ташаббускор орган вазифасини ҳам бажарди.
Мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича фуқаролик жамияти билан ҳамкорлик йўлга қуйилган. 2019 йил пахта мавсумида Халқаро меҳнат ташкилотининг лойиҳаси билан биргаликда биринчи бор мустақил фуқаролик жамияти фаоллари иштирокида мониторинг ўтказилди. Уларга пахта далаларига эркин ва тўсиқларсиз кириш имконияти берилди, корхона ташкилотларга ҳамда пахта далаларига кириш ҳуқуқини берувчи бейждиклар тарқатилди.
Ҳуқуқ ҳимоячилари мурожаатлари Давлат меҳнат инспекцияси томонидан тезкор равишда ўрганилиб, тасдиқланган фактлар бўйича чоралар қўлланилган.
Ўтган давр мобайнида мажбурий меҳнат учун жавобгарлик чоралари ҳамда халқаро нормалар ва миллий қонунчилик бўйича фуқароларнинг ҳуқуқий онгини ва мансабдор шахсларни масъулиятини ошириш мақсадида жойларда жами 587 дан ортиқ семинар-тренинглар ва давра суҳбатлари ўтказилди.
Аҳолини мажбурий меҳнатнинг салбий омиллари тўғрисида хабардорлигини ошириш соҳасида телевиденияда 49 марта, радиода 43 марта, газета-журналларда 106 марта, ижтимоий тармоқларда 282 марта тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилди.
Бандликка кўмаклашиш жамғармаси ҳисобидан молиялаштирилиб чоп этилган “Мажбурий меҳнатдан огоҳ бўлинг!” номли ҳуқуқий-услубий қўлланма 100 минг дона миқдорида кўпайтирилиб, иш берувчилар ва ходимларнинг мажбурий меҳнат тўғрисидаги хабардорлигини ошириш мақсадида республиканинг барча маҳалла фуқаролар йиғинларига ва иш берувчиларга тарқатилди.
Ўзбекистонда мажбурий меҳнат билан олиб борилаётган ижобий натижалар дунёнинг 50 дан ортиқ нуфузли ахборот воситаларида нашр этилди.
Булар «Reutrs» (Буюк британия), «Thomson Reuters Foundation News» (АҚШ), «The New York Times», «The Diplomat» (Япония, АҚШ), «Yahoo! News» (АҚШ), «Франс Пресс» (Франция), «Metro International» (Швеция), «Al Jazeera» (Қатар), «Sharenet» (ЮАР), «Devdiscourse» (Индия) ва бошқалар.
Халқаро меҳнат ташкилоти, АҚШ давлат департаменти, “Cotton Campaign” ва “Human Rights Watch” халқаро ташкилотлари тавсияларини инобатга олган ҳолда, одам савдоси ва мажбурий меҳнат соҳасида Ўзбекистоннинг позициясини яхшилашга қаратилган “йўл харитаси” ижроси юзасидан ҳам салмоқли ишлар қилинган бўлиб, мазкур йўл харита 33 та бўлимдан иборат, айнан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига 23 та бўлими тегишли бўлиб, мазкур бандларнинг ижроси мутасадди вазирлик ва идора ташкилотлар билан ҳамкорликда таъминланиб келинмоқда.
Ҳукумат пахта теримига фуқароларни сафарбар қилишни камайтириш ва далаларда болалар меҳнатидан фойдаланишни тақиқлаш, шу жумладан пахта терувчиларининг иш ҳақини ошириш, ХМТ билан ҳамкорликда хабардорликни кучайтириш кампаниялари, шунингдек, жойлардаги мансабдор шахслар ва масъулларни мажбурий меҳнатдан фойдаланганлиги учун жазолаш бўйича чоралар кўришда давом этмоқда.
Вазиятни таҳлил қилиш билан бир қаторда, АҚШ давлат котиби Майк Помпео одам савдоси бўйича йиллик ҳисоботида АҚШ миллий қонунчилигининг экстерриториал қўлланилишига биноан Ўзбекистонни кейинги тоифага ўтказиш бўйича асосий тавсиялар келтирилган (Trafficking Victims Protection Act TVPA). Улар орасида:
* фуқароларга касбий мажбуриятлари билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай фаолиятни амалга оширишни рад этиш “ҳуқуқи” тўғрисида хабардор қилиш бўйича тадбирларни давом эттириш,
* қонуний тартиб ва қонунчиликка риоя қилиш,
* одам савдоси билан боғлиқ терговлар сонини кўпайтириш,
* одам савдоси жабрланувчиларини, шу жумладан халқаро шериклар билан биргаликда ишлаб чиқилган шахсларни аниқлаш учун тизимли ва профилактика ишларини жорий этиш,
* ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан одам савдоси ҳолатларни лозим даражада олиб бориш ва одам савдосининг яширин қурбонларини расмий равишда аниқлаш ва уцларга ёрдам бериш усуллари бўйича ишлашни давом эттириш,
* қишлоқ хўжалиги соҳасида меҳнат шароитларини яхшилаш бўйича миллий ҳаракат режасини амалга оширишни давом эттириш,
* давлат бошпаналарига қабул қилинмаган жабрдийдаларга ёрдам ва бошпана берадиган ННТларнинг роли ва иштирокини кучайтириш,
* Жиноят кодексига одам савдоси қурбонларининг шахсини аниқлаш ва ҳимоя қилиш ўзгартириш киритиш бўйича лойиҳасини қабул қилиш,
* Бандлик агентликларини назорат қилиш ва ишга ёллаш бўйича тўловни потенциал ишловчилар томонидан эмас, балки иш берувчилар томонидан тўланиши керак.
Таъкидлаш жоизки, юқоридаги тавсиялар эълон қилишидан анча олдин мазкур йўналишларда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ўзбекистоннинг миллий манфаатлари ва ривожланиш стратегиясидан келиб чиқиб, бошқа мутасадди вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимият органлари билан биргаликда тизимли иш олиб бормоқда.
Масалан, хусусий бандлик агентликлари томонидан хорижда ишга жойлашиш учун хизмат ҳақини фуқаролардан эмас, балки иш берувчилардан олиш бўйича “Хусусий бадндик агентликлари тўғрисида”ги Қонунга ўзгартиришлар жорий йил май ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилди. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов яқинда ОАВга берган интервьюсида таъкидлаб ўтган.
Бундан ташқари, хусусий бандлик агентликлари масъулиятини ошириш ҳамда уларнинг фаолияти устидан назоратни кучайтириш мақсадида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга, хусусий бандлик агентликлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш маъмурий ҳуқуқбузарлик сифатида киритилди.
Барчамиз бир натижа – юртимизда мажбурий меҳнатни тўлиқ тугатиш учун курашмоқдамиз. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бу йўналишда тизимли ишларни кенг кўламда олиб боришни давом эттиради.