Рубионинг сўзларига кўра, Вашингтон Москва ниятларининг жиддийлигини аниқламоқчи.

АҚШ ва Россия Президентлари Дональд Трамп ва Владимир Путин ўртасидаги учрашув эҳтимоли “кўп жиҳатдан Украинадаги урушни тугатиш бўйича музокараларда муваффақиятга эришиш мумкинлигига боғлиқ”. Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Марко Рубио 20 февраль, пайшанба куни Х платформасида эфирга узатилган, журналист Кэтрин Херрижга берган интервьюсида маълум қилди.

Рубио 18 февраль куни Ар-Риёдда Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан музокаралар чоғида Трампнинг Путин билан учрашувини муҳокама қилганини айтди. Аммо у Лавров ва Россия расмийларига “нима ҳақида бўлишини билмагунимизча, учрашув бўлмайди”, деб қўшимча қилди Рубио.

“Одатда бундай учрашувлар қандайдир натижа маълум бўлмагунча ёки қандайдир ютуқларга эришилмагунча ўтказилмайди”, деб тушунтирди Америка ташқи сиёсати идораси раҳбари. Бироқ, агар АҚШ ва Россия Украинадаги урушни тугатиш бўйича музокараларда муваффақиятга эриша олса ва Трампнинг Путин билан учрашуви келишувни мустаҳкамласа, “ҳамма президент Трампни тинчликпарвар сифатини шарафлаши керак”, деди у.

Трамп Путин билан телефон суҳбатидан сўнг февраль ойи охиригача у билан шахсан учрашиши мумкинлигини айтган бўлса-да, Рубио бу қачон юз бериши мумкинлигини “билмаслигини” айтди.

Шу билан бирга, унинг сўзларига кўра, Америка Президенти Россиянинг Украинага қарши урушни тўхтатиш борасида қанчалик жиддий эканини билмоқчи. Буни текширишнинг ягона йўли Москвадан тўғридан-тўғри сўраш, дея қўшимча қилди Рубио. Саудия Арабистонидаги музокаралардаги ягона келишув тинчлик ҳақида гапиришни давом эттириш нияти эди, дея тушунтирди у.

18 февраль куни Саудия Арабистони пойтахтида бўлиб ўтган Россия ва Америка делегациялари ўртасидаги музокараларда Россия Федерацияси ва АҚШ Президентларининг эҳтимолий учрашуви муҳокама қилинди, унинг якуни бўйича томонлар Россиянинг Украинадаги урушини тугатиш масаласини муҳокама қилиш учун музокарачиларни тайинлашга ҳам келишиб олишди.

19 февраль куни Россия давлати раҳбари матбуот котиби Дмитрий Песков Трамп ва Путин ўртасидаги учрашув шу ой охиригача бўлиб ўтиши мумкинлигини маълум қилди. Бундан бир кун аввал Трамп ҳам февраль ойида Россия Президенти билан учрашиш эҳтимолини истисно этмади, деб хабар беради dw.com.