Вилоят ҳокимлиги маълумотига кўра, элчи университет ректори Авазжон Мараҳимов билан Сурхондарёда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг фарзандлари учун лидерлик ва инглиз тили ўқув курсларини ташкил этиш бўйича қўшма лойиҳаларни муҳокама қилди.

Элчи ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг фарзандлари ва ёшлар учун The English Access Scholarship лойиҳаси доирасида инглиз тилини ўқитиш курсларини ташкил этиш таклифини берди.

Термиз давлат университети АҚШ олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларини 2020 йилдан бошлаб йўлга қўйган. Ўтган бир йил давомида икки томонлама кўплаб лойиҳалар амалга оширилди. Жумладан, айни вақтда элчихонанинг саъй ҳаракатлари билан Fulbrayt инглиз тили ўқитувчи-ассистенти дастури доирасида Кристофер Коуэн Термиз давлат университетининг Хорижий филология факультетида талабалар учун амалий машғулотлар ҳамда дарсдан ташқари «Speaking Club» фаолиятини олиб бормоқда.

Шунингдек, университетнинг инглиз тили ва адабиёти кафедраси профессор-ўқитувчилари АҚШнинг Union Institute and University тузилмаси билан ҳамкорликда American Studies (Америкашунослик) номли ўқув-қўлланмани яратиш лойиҳаси устида ишлаяпти.

АҚШ элчиси университетнинг иқтидорли талабалари билан мулоқот қилди.

Тадбир доирасида элчихона номидан университет кутубхонасига инглиз тилини ўқитиш методикаси ва инглиз тилида чоп этилган бадиий китоблар жамланмаси совға қилинди.