Мулоқот аввалида меҳмонларга мамлакатимизда сўнгги йилларда парламентнинг давлат ҳокимиятининг мустақил тармоғи сифатидаги ролини мустаҳкамлаш бўйича олиб борилаётган кенг қамровли ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
АҚШ иқтисодий жиҳатдан жаҳондаги етакчи давлатлардан бири ҳисобланади. Хусусан, аҳолисининг даромадлари юқорилиги бўйича етакчилар қаторида туради. Айни шу омиллар ҳар қандай давлатни АҚШ билан иқтисодий ҳамкорлик қилишга ундайди.
Мулоқот давомида Ўзбекистон – АҚШ парламентлари ўртасида ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари кенг муҳокама этилди.
Кейинги йилларда Ўзбекистон — АҚШ муносабатлари нафақат савдо-иқтисодий ва сиёсий соҳаларда, балки парламентаризм йўналишида ҳам муносабатлар изчил ривожланиб боряпти. Икки мамлакат ўртасидаги парламентлараро алоқалар бугунги кунда янги босқичга чиқди, парламент делегацияларининг ташрифлар алмашинуви бу борадаги ҳамкорликка мустаҳкам замин яратди.
АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий алоқалар ҳам изчил ривожланяпти. Сўнгги йилларда Ўзбекистон бозорида Американинг етакчи компанияларининг иштирокини кенгайтириш ва ўзаро қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ келишувларга эришилди.
2021 йил пандемия шароити бўлишига қарамасдан ўзаро ҳамкорлик муносабатлари изчил давом эттириляпти. Буни йил бошидан кузатилаётган делегация алмашувлари, олиб борилаётган учрашувлар ва музокаралардан ҳам пайқаш қийин эмас.
Учрашувда келгусида икки мамлакат парламентлари ҳамкорлиги бўйича фаолиятни янада такомиллаштириш масалалари ҳар томонлама таҳлил қилиниб, бунда АҚШ Конгрессида тузилган Ўзбекистон бўйича кокуснинг ўрни муҳимлиги таъкидлаб ўтилди.
Делегация аъзолари Ўзбекистоннинг ташқи олам билан очиқ, дўстона ва ўзаро манфаатли шериклик сари ташлаётган ишончли қадамларига юқори баҳо берди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати.
Шунингдек, мулоқотда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам атрофлича муҳокама этилди.