Телеканал маълумотларига кўра, бир гуруҳ ноқонуний муҳожирлар чегарани кесиб ўтишга уринган, бироқ АҚШ чегара хизмати ходимлари ўқ узиб, уларни тўхтатган. Отишма оқибатида ҳеч ким жабрланмади.
Отишма АҚШ ва Мексика чегарасида, Рио-Гранде дарёсидаги Фронтон ороли яқинида содир бўлди. Fox Newsнинг қайд этишича, Фронтон у ердаги жиноий фаолият туфайли “Картел ороли” деб ҳам аталади. Телеканал таъкидлаганидек, чегарачилар билан отишмага кирган муҳожирлар наркокартель аъзолари бўлиши мумкин.
АҚШ Президенти Дональд Трамп 20 январь куни лавозимга киришгач, мамлакат жанубий чегарасида фавқулодда ҳолат эълон қилди. Бу Пентагонга чегарага нафақат қўшимча аскар юбориш, балки Трампнинг биринчи президентлик даврида бошланган девор қурилишини якунлаш имконини беради.
23 январь куни янги Президент жанубий чегара орқали мамлакатга ноқонуний муҳожирларнинг ўтишини тўхтатиш тўғрисидаги фармонни имзолади ва АҚШ Ички хавфсизлик вазирлиги, Адлия вазирлиги ва Давлат департаментига мамлакат жанубий чегараси орқали кирадиган ноқонуний муҳожирларни олиб чиқиш учун барча чораларни кўришни топширди, деб хабар беради rbc.ru.
Кейинроқ The Washington Post ва The Wall Street Journal манбалари АҚШ ҳукумати Трампнинг мигрантлар, гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланувчилар ва контрабандачиларга қарши кураш режаси доирасида Мексика чегарасига минглаб аскарларини юборишга тайёрланаётгани ҳақида хабар берди.