Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси берган маълумотларга кўра, кеча Америка пойтахтида мамлакат мустақиллигининг 29 йиллигига тайёргарлик доирасида ўзбек рақс санъатини ўрганиш бўйича икки ҳафталик дастур - "Silk Road Dance Camp 2020" иш бошлади, дея хабар беради “Дунё” АА мухбири.

Тадбирда АҚШнинг 10 штати вакиллари иштирок этмоқда. Буларга Виржиния, Калифорния, Кентукки, Колорадо, луизиана, Массачутес, мериленд, Огайо, Колумбия округи ва Флорида каби минтақалар киради.   

"Silk Road Dance Camp 2020" дастуридан мамлакатимизнинг Вашингтондаги элчихонасига виртуал саёҳат, ўзбек рақси тарихи бўйича қатор маърузалар, ўзбек паловини тайёрлаш бўйича намойиш, Хоразм ва Бухоро рақсларини ўргатиш бўйича машғулотлар, Ўзбекистоннинг тарихи ва маданиятидан ҳикоя қилувчи кўргазмалар ва Тамара хонимнинг мемориал музейига саёҳат каби тадбирлар  ўрин олган.

Ушбу дастурнинг америкалик ҳаммуаллифи халқаро миқёсдаги таниқли олим, “Ипак йўли рақси” компанияси раҳбари Лаурель Грейдир. У 1984 йилда Ўзбекистон рақс ва маданият жамиятига, 1994 йилда эса Марказий Осиё рақслар легарига асос солган. Лаурель Грей 1999 йилда энг яхши этник раққоса номинацияси бўйича эътироф этилган бўлса, 2003 йилда энг яхши хореография бўйича халқаро мукофотга сазовор бўлган.

Америкалик олим Ўзбекистонга ўн тўрт марта ташриф буюрган, у ерда икки йил давомида Тошкентдаги Давлат академик катта театри таклифига биноан яшаган ва ўн мартадан кўпроқ телевизион рақс дастурларида иштирок этган. Шунингдек, у “Ўзбекистон қўғирчоқ театри” (1993 й), “Шарқ тароналари” (1997 й), “Рақс сеҳри” (2018 й) каби фестивалларда ҳакамлар ҳайъати аъзоси бўлган.

Таниқли ижрочиларимизнинг маҳоратини намоён этадиган дастур сабоқларига Ўзбекистон халқ артисти Қодир Мўминов ҳам жалб қилинди.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилда элчихонада ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон халқ артисти Қизлархон Дўстмуҳамедова иштирок этган.