Халқ орасида “Шоҳ Машраб” номи билан машҳур бўлган бу шоир ғазалларидаги “риёзат, малак, зоҳир, анисим, мунисим, дилбанди жоним...” каби сўз ва иборалар маъносини тушунмасдим, аммо улар ўз-ўзидан дилимга ёзилаверарди, ичимда такрорлайверардим.
...Ҳар оқшомда дадамнинг биқинида ўқиётган китобларига тикилиб ўтирардим. Неча кунлар давомида нафасини ҳам ичга ютиб, дадамнинг ўқишини тинглаб келган аммаларим, онам, опаларим ва бувичамнинг кўзларидан ёш оқа бошлади, уларнинг юзларига, кўзларига тўлган ғамнинг сабабини англамасдим. Дадамнинг-да овозлари ўзгарди ва тўрт қатор шеърни такрор-такрор ўқиди:
Аё чарх, эттинг ортиқ жаври бунёд,
Кўзум ёшлиғ, дилимда қолди фарёд.
Ҳаётим лолазоридан аюрдинг,
Ёқиб жоним, кулим кўкка совурдинг...
Ўшанда қулоғимга кириб, ёдимга ўрнашиб қолган бу сатрлар “Ўткан кунлар”даги Отабек қалбидан Кумушнинг қабртошига кўчган изтироб-аламларнинг сўзлардаги тўлқинлари экан.
Катта акамнинг Фузулий ғазалларини хиргойи қилишини эшитишни ҳам жуда яхши кўрардим:
Кўзи ёшлуларинг ҳолин
на билсин мардуми ғофил,
Кавокиб сайрини шаб
то саҳар бедор ўландан сўр.
Бу сатрлар маъносини англашга ҳали жуда ёшлик қилар эдим, бироқ ойдин кечаларда осмонда жимирлаб, гўё сирли шивирлаб ўйларимни ёритган ва бойитган юлдузлар каби бу чиройли сўзлар ҳам бола қалбимни мафтун этганди.
Онамнинг синглимга, жиянларимга айтган аллаларидаги “андалиб”, “толи чавгоним”, “ойдин”, “чўлпоним”, “паришон”, “ўқитиб мулло қилай” каби сўзлар мунис оҳангга вобаста бўлиб, ажиб янграр эди, онажонимнинг овози шу сўзлардан янада сеҳрланиб кетгандек бўларди. Қалбимга сўз сеҳри, жилоси ва унга меҳру муҳаббат шу тариқа кириб келган бўлса керак.
Кейин мактабга бордим ва устозлар сабоқларидан, энг аввало, сўз олдидаги масъулиятни ҳис этдим.
Ёши улуғларнинг юқоридаги каби хотиралари айримлар учун гўё бугунги шиддаткор, глобаллашган даврнинг қадаму нафасларига ёпишмайдиган ҳолатдай туюлади: “Давра олиб китоб ўқиб ўтиришга, шеърхонликка, боласига айтиш учун алла ёдлашга кимнинг вақти бор?! Қайси асрда яшаяпти бу одам?”. Айни шу йўсиндаги фикрни тасдиқловчилар ҳам, бунга замин яратувчи омиллар ҳам атрофимизда оз эмас, бироқ...
Олимлар дунёда мавжуд 5000 га яқин тилнинг қарийб қирқ фоизи “ўлиб”, яна минглаб тиллар таназзулнинг турли босқичларига келиб қолганини эътироф этар экан, бунинг асосий сабабларини бундай изоҳлайди: аввало, бир тил бошқа бир тилнинг кучли босими остида йўқолиб боради — бу фикр тарихда ва ҳозирги кунда ҳам кўп бор ўз исботини топган. Яна бир жиддий сабаб шуки, тилнинг сақланиб қолиши унда қанча одам гаплашишига эмас, балки қандай гаплашишига боғлиқ. Чунки дунёда 200 нафар сўзловчиси билан “яшаб” келаётган ва аксинча, минглаб сўзловчиси бўлса-да, йўқолиш хавфи остида турган тиллар кўп.
Тил таназзулининг асосий сабаблари саналган юқоридаги икки ҳолатнинг биринчисини халқимиз қарийб бир аср давомида бошдан кечирди. ХIХ асрнинг тўртинчи чорагидан то ХХ асрнинг деярли охиригача миллатимиз гўё тараққиётга, маданий ҳаётга эришишнинг ва чуқур билимларга эга бўлишнинг воситаси сифатида ҳукмрон мустамлака тузум етакчилари тилида гапириш, ўқиш ҳамда ёзишга мажбурланди. Оқибатда саводхонлигимиздан тортиб, ижтимоий-сиёсий ва маданий-маиший ҳаётимизгача бўлган барча соҳаларда она тилимиз қандай аҳволга тушиб қолди. Бу сиёсатга тобе бўлган, унинг йўриғига юрганларнинг фикрлаш ва яшаш тарзи ҳам ўзликдан узилиб, узоқлашиб кетди.
Мустақиллик она Ватанимиздаги Аллоҳ насиб этган барча бойликларимизни, қалбларимизни, ҳаётимизни озод этди, ботину зоҳиримизнинг ифодаси бўлган тилимизни қадрсизлик, хорлик ва камситиш орқали нуфузидан айириш учун очилган йўлларни тақа-тақ беркитди. Демак, она тилимизнинг яшаши, юртимизда ва дунё халқлари орасида ўз муносиб нуфузига эга бўлиши учун энг муҳим ижтимоий-сиёсий шароит таъминланди. Бироқ...
Айрим маърузалар, ҳисоботлар ва мулоқотларни тинглаганда, гапларнинг муайян қолипларга тушиб қолгани, сўзларнинг такрорию ибораларнинг бир-бирига қовушмаслигидан худди чанқоқдан тилинг қуригани каби қалбинг қақрайди. Нафақат шоиру ёзувчи ёки маданият ходими, балки элнинг эътиборида бўлган ҳар бир шахс тингловчиларда, ёшларда нутқ маданиятини тарбияловчи масъуллар қаторида эканини ҳис этармикан?
Беихтиёр улуғ алломалар ёдга тушади: бундан қарийб олти аср илгари ўша замон зиёлиларининг “турк тилининг қадрини билмасликлари”ни, “ҳар неча мулойимроқ ва латифроқ воқеъ” бўлади деб, фикрларини форсий лафз билан ифодалашдек “ғалатини кўрган ва бу нуқсонни англаган” Алишер Навоий Ҳазратлари “турк алфозининг латофати ва маонийининг латофати зоҳирини” намоён этмоққа умрини тиккан эди.
Тарихимиздаги бундай улуғ зотлар маънавиятимиз тоғларидир. Улар давлат ва халқ тақдири билан боғлиқ ўз зиммаларидаги залворли, мураккаб вазифаларни бажариш, муаммоларга ечим топиш, элни катта мақсадлар сари бирлаштиришнинг йўли илму зако, илму законинг зоҳири ва калити эса тил эканини ҳар лаҳза ҳис этган. Тил дилларнинг тўлиқ таржимони бўлиши йўлида унинг қатра инжуси-да йўқолмаслиги, ўз ўрнида хизматга шай бўлиб ярақлаб туриши учун курашган.
Кейинги ўн йил ичида она ўзбек тилимизнинг мавқеини тиклаш, барча ташкилоту вазирликларда ҳужжатларни давлат тилида юритиш, турли луғатлар яратиш, ёзувимизни ислоҳ қилиш, ташкилот ва кўчалар номларини, шунингдек, ташқи реклама ҳамда ёзувларни тартибга солиш бўйича қатор фармону қарорлар қабул қилинди.
Лекин яқин-яқинларгача кимлар учундир фикрини бошқа тилда ифодалаш, ўзга тилдаги матбуот нашрларини ўқиш осон ва ёқимли бўлгани каби ҳозир ҳам хорижий тилда гаплашиш, ўқиш ва ёзишга тили осон келадиганлар тоифаси шаклланиб бораётгандек. Бу ҳолатни, айниқса, хорижий тилларни ўрганаётган ва ўрганган ёшларнинг мулоқотларини кузатганда яққол кўряпмиз. Бундан бир неча йил олдин кўчаларда учрайдиган ёзувларнинг имкон қадар ўз тилимизда бўлиши масаласига эътибор кучайган, айни мавзудаги ҳаётий-таҳлилий мақолалар, радио ва теледастурлар жонланган эди. Афсуски, бугун пойтахт ва марказий шаҳарларнинг ҳамон шундай кўчаю манзиллари борки, у ердаги ёзувлар ҳамда қўйилган тасвирлардан қаерда эканингизни англаш мушкул. Яна бир оғриқли масала: кейинги йилларда жамиятимиз китобхонлигини ошириш борасида ижодкорлар асарларини нашр этиш соҳасидаги изчил ишлар салмоғи бундан олдинги неча ўн йилликлар билан солиштириб бўлмайдиган даражада баланд ва ибратли. Аммо давлатимизнинг бу эътибори, ғамхўрлигини шошма-шошарлик билан “ғўр” ва ғализ, имловий ва мантиқий хатоликлари беҳисоб бўлган “асар”ларни чоп этиш ҳамда чоп эттиришга зое қилиш ҳоллари ҳам йўқ эмас.
Бир неча тилни билмоқ катта ва изчил меҳнат самараси, фазилат, дунё халқлари билан турли мақсадларда ҳамкорликка очилган йўлдир. Олиму уламо аждодларимиз ҳам бир неча тилни мукаммал билган, шу тилларда илмий, адабий асарлар ёзган. Улар орасида туркий тил миллатнинг асл ўзлиги сифатида барқарор бўлиши учун курашган, Алишер Навоий Ҳазратлари турк назмида кўтарган байроқни асрлар синовларидан олиб ўтганлар жуда кўп. Улар бу жиҳатдан ҳам авлодларга ўрнакдир, аммо хорижий тилларни ўрганиш ва қўллаш зинҳор “келса-келмаса — ўн беш” қабилида она тилимизни чеклаш, камситиш ва уни ўрганмаслик ҳисобига бўлмаслиги керак.
Хива хони Абулғози Баҳодирхон “тарихларда битилган тоғларнинг ва сувларнинг, ерларнинг ва кишиларнинг отлари мўғул тили ва ё турк тили”да бўлса-да, “китоб айтган мусаннифлар, котиблар бу тилни билмасликлари боис” ва “бу вақтда турк ва тожикда фақирга (муаллифнинг шахсига турк тили борасида) берганча (илму лафз) берган киши бўлмаған”лигидан, ўзи тилнинг “расмини ва истилоҳларини яхши ўрганиб”, “бу тарихни яхши ва ёмон — барчалари билсун” деб, туркий тил билан “Шажараи турк”ни “беш яшар ўғлон ҳам тушунадиган” қилиб ёзган эди.
Асрлар оша ўз аҳамиятини, долзарблигини йўқотмаган бундай муборак битиклардан ойдин аждодларимизнинг тилга, сўзга бўлган муҳаббати, ихлоси, қайғуси ва жондошлигининг нафаси уфуради.
“Ўзбек тили камбағал эмас, балки ўзбек тилини камбағал дегувчиларнинг ўзи камбағал. Улар ўз нодонликларини ўзбек тилига тўнкамасинлар”. Бу қатъиятли эътирофда Абдулла Қодирийнинг туркий тил салтанати ҳимоясига тикилган юрагининг уришларини ҳис этасиз.
Ҳа, минг йилдан буён эзила келган бой тилимиз битмади, яшади, аммо бу жараён осон кечмади. Энди Аллоҳга беадад шукроналар бўлсин, ҳаётимизнинг барча соҳаларида бўлгани каби имон-эътиқодимиз ва тилимизга ҳам ҳеч қандай босим йўқ. Она тилимизнинг, аввало, Ватанимизда ва дунё ҳамжамиятида муносиб нуфузига эга бўлиши, унинг инжуларидан бир қатраси ҳам тўкилмай, хазинаси тўлиб, бойиб бориши фақат ўзимизга боғлиқ. Шундай пайтда... ҳаммани оғзига қаратиб турган машҳурнинг тили товушларнинг ўзбекона талаффузига қовушмаса... эл нигоҳидаги қай бир амалдор минбардан туриб сўкинса... қай бир ҳудудларда хорижий тилда ўқитиладиган мактаблар сони ўзбек тилидаги мактабларга нисбатан кўп бўлса... университетнинг ўзбек тили ва адабиёти факультетини битиргани ҳақидаги дипломи бўлган ёш мутахассис Алишер Навоийнинг (мисол учун-да) “Муҳокамат ул-луғатайн” асари ҳақида бир фикр айтолмаса... қай бир ота-оналарга фарзандининг, аввало, қалбан ва руҳан миллатнинг қутлуғ анъаналари вориси бўлиши эмас, балки хорижий тилни ўрганиб, дунёга чиқиши муҳим бўлиб қолса... тирикчилик кўйида дунё моддиётларини уйимизга тинмай ташисаг-у, остонамиздан ичкарига китоб кирмаса, ўзимиз китоб ўқимасак, боламизга китоб тутмасак ва уни ўқитмасак... кун бўйи уйда, жамоат жойларида қувончлию синовли ҳолатларни бошимиздан кечириб, ўрни келганда “марҳамат”, “шундай қилсам майлими?”, “кечирасиз”, “агар рухсат берсангиз”, “имкониятингиз бўлса”, “жуда хурсанд қилдингиз” каби дил изҳорларини айтишга тилимиз келмай қолган бўлса, оқибати тилимизнинг мавқеи ва нуфузини тушириб борадиган бундай ҳолатлар учун ҳам фақат ўзимиз айбдормиз.
Муҳтарама УЛУҒОВА,