Университет ректори Баҳодиржон Шермуҳаммадов профессор Майкл Броди билан учрашиб, Фарғона давлат университети халқаро илмий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, ҳамкорликда самарали тадқиқотлар олиб боришга тайёр эканлигини таъкидлади.
Суҳбат давомида хорижлик олим бир ярим йилдан буён Фарғона давлат университети билан илмий алоқаларни йўлга қўйгани, кўплаб онлайн мулоқот ва семинарларни амалга оширганини таъкидлади. Эндиликда Фарғона давлат университети олимлари, хусусан, табиий фанлар факультети билан ҳамкорликда Марказий Осиёдаги иқлим ўзгаришлари ҳақида тадқиқотни олиб бориш мақсадида эканлигини айтди.
Учрашувда профессор М. Бродининг таклиф ва ташаббуслари қўллаб-қувватланди, унга бу жараёнда олийгоҳнинг етук салоҳиятли, чет тилларини пухта ўзлаштирган олимлари кўмак бериши таъкидланди.
Шундан сўнг хорижлик профессор университетнинг табиий фанлар факультети профессор-ўқитувчилари билан мулоқот қилди. Жорий йилнинг 3-11 октябрь кунлари олийгоҳда, шунингдек, вилоятнинг турли ҳудудларида олиб бориладиган тадқиқот ишлари хусусида суҳбатлашилди. Мазкур тадқиқотда Фарғона вилояти табиатининг ўзига хос жиҳатлари, сув ресурслари кенг тадқиқ қилиниб, тегишли натижалар олиниши кўзда тутилган.
Халқаро олимнинг факультет талабалари, магистрант ва докторантлари билан семинар машғулоти ҳам қизғин ўтди. Семинар сўнгида университет олимлари ва талабалар профессор Майкл Броди бошчилигида шу йилнинг 4-6 октябрь кунлари дунёдаги иқлим ўзгаришларига бағишланган халқаро онлайн конференция ташкил этишга келишиб олдилар.