Тадбирда Саудия Арабистонида фаолият юритаётган ва Ўзбекистон билан ҳамкорликка қизиқиш билдирган яманлик тадбиркор ва инвесторлар иштирок этди.
Мамлакатимизнинг Саудия Арабистонидаги элчиси Нодиржон Турғунов таъкидлашича, бу каби тадбирлар икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, янги инвестиция лойиҳаларини йўлга қўйиш ва ўзаро манфаатли шерикликни кенгайтириш учун муҳим аҳамият касб этади.
– Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилмоқда, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, хорижий сармоядорлар учун энг қулай шарт-шароитларни яратишга катта эътибор қаратилмоқда, – деди элчи Нодиржон Турғунов. – Бугунги тадбир орқали биз Саудия Арабистони ва Яман бизнес вакилларига Ўзбекистоннинг инвестициявий имкониятларини янада яқинроқ таништиришни мақсад қилдик.
Анжуманда, шунингдек, иштирокчиларга диёримизда тадбиркорлик фаолияти учун яратилган қулай муҳит, жумладан, хорижий инвесторлар учун мавжуд солиқ ва божхона имтиёзлари, иқтисодиётнинг устувор йўналишларидаги ривожланиш истиқболлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Тадбиркорлар бизнес юритишнинг ҳуқуқий жиҳатлари, логистика, молиявий қўллаб-қувватлаш ва инвестиция соҳасидаги давлат сиёсати бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга элчихона вакилларидан тўлиқ жавоб олишди.
Тақдимот якунлари бўйича иштирокчилар Ўзбекистон билан ҳамкорлик истиқболлари ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлди.
Шунингдек, тадбирда иштирок этган яманлик тадбиркорларнинг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш бўйича ҳам келишиб олинди. Улар мамлакатимиздаги сармоявий муҳит ва янги бизнес имкониятлари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлади.
Бу каби ташаббуслар икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш, инвестициявий ҳамкорликни кенгайтиришда муҳим ўрин тутади. Элчи Нодиржон Турғунов Ўзбекистон ўзининг очиқ ва фаол инвестиция сиёсати билан ҳар қандай ҳамкорлик учун ишончли платформа яратишга тайёрлигини қайд этган.
Тақдимот давомида лойиҳалар ва соҳалар бўйича алоҳида учрашувлар ташкил этиш, шунингдек, Ўзбекистон ишбилармон доиралари вакиллари билан тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатиш юзасидан келишувга эришилди.