Мусобақанинг биринчи ва иккинчи кунлари саралаш ва ярим финал босқичи доирасидаги жанглар ташкиллаштирилди. Республикамизнинг турли вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридан келган юздан ортиқ спортчи иштирокидаги муросасиз баҳслар натижаларига кўра, тўққизта вазн тоифасида финалчилар номи аниқланди.
Якшанба куни мусобақанинг тантанали очилиш ва финал босқичи бўлиб ўтди.
Ранг-баранг шоуларга бой бўлган ушбу маросмида мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов, Марказий Осиё аралаш жанг санъати конфедерацияси раҳбари Отабек Умаров, миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов, таниқли спортчилар ва фахрий меҳмонлар иштирок этишди.
Мудофаа вазири ўзининг кириш сўзи орқали биринчи марта ўтказилаётган бу мусобақа финалчиларига омад, олий спорт натижаларини ривожлантириш маркази клубига йиғилганларга эса байрамона кайфият тилаган ҳолда кубок баҳсларини очиқ деб эълон қилди. Ҳарбий оркестр томонидан давлатимиз мадҳияси ижро этилиб, ҳарбий хизматчилар ва ёшлар томонидан қўл жанги бўйича кўргазмали чиқишлар намойиш этилди.
Шундан сўнг ҳаяжонли дақиқаларга бой бўлган ҳал қилувчи финал учрашувларига старт берилди. Байрамона спорт оқшомига бошловчилик қилган таниқли тележурналист Жаҳонгир Олимов машҳур Майкл Баффер услубида бирин-кетин рингга спортчиларни беллашувга чорлагани кечага ўзгача руҳ бағишлади.
Қизиқарли кечган жанглар якунида мудофаа вазири Кубоги ғолиб ва совриндорлари номи аниқланди. Ўтказилган тўққизта беллашув натижасига кўра умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни Мудофаа вазирлиги жамоаси эгаллади.
Тадбир якунида ғолиб ва совриндорларга медаллар, диплом ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.
Асрор РЎЗИБОЕВ,
Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти