Фуқароларнинг сиёсий ҳаётда, давлат бошқарувида фаоллигини қандай таъминлаш мумкин? Мазкур саволга жавоб сифатида: Парламент ва маҳаллий кенгашлар депутатлари, сенаторлар мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг нафақат иштирокчиси, балки ташаббускори ва асосий ижрочиси бўла олса ва халқимиз овозини баралла давлат  деб айтиш мумкин.

Бу борада, ривожланган давлатларда сиёсий партиялар позицияси, ғоя ва мақсадларига қараб овоз бериш тенденцияси кузатилмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан парламент сайловларида мажоритар тизимдан аралаш (мажоритар - пропорционал) тизимига ўтиш масаласи таклиф этилаётганлиги ҳам бежиз эмас.

Халқаро тажрибада сайлов тизимининг мажоритар, пропорционал ва аралаш турлари мавжуд.

Мажоритар сайлов тизимида кўп овоз олган номзод муайян округ бўйича сайланган ҳисобланади. Мутлақ кўпчилик овозига асосланган мажоритар тизимда берилган овозларнинг умумий сонидан мутлақ кўп овоз, яъни 50%+1 та овоз олган номзод сайланган ҳисобланади. Номзодлар орасидан ўз рақибларининг ҳар бирига нисбатан кўп овоз олгани ғолиб ҳисобланади.

Пропорционал сайлов тизими — сайловчилар аниқ бир шахсга эмас, балки партияга овоз берадилар. Ҳар бир партия ўз вакилларининг рўйхатини илгари суради, сайловчилар эса тегишли партиялар томонидан кўрсатилган вакилларнинг рўйхати учун овоз беради. Бундай тизимда сайловчи амалда номзод учун эмас, балки сиёсий партия учун овоз беради.

Аралаш сайлов тизимида аҳоли билан муносабатлари таъсирчан ва натижали бўлишига янада шароит яратилади ва партиялар бош ўринга чиқади. Қайси партия ўз дастури орқали халқни мақсад муддаоларини ифода этиб, уларни рўёбга чиқаришга ишонтира олиб, муносиб ҳаракат қилгандагина кўп овоз олишга эришади.

Конституцияга киритилаётган ўзгартишларда назарда тутилган аралаш сайлов тизими ўзида ҳам мажоритар, ҳам пропорционал сайлов тизимларини мужассам этади.

Бунда, Қонунчилик палатаси депутатларининг ярми ҳозирги тартиб бўйича сайланса, қолган ярми сиёсий партияларнинг рўйхатлари асосида сайланади. Яъни, одамлар 75 та ўрин бўйича аниқ бир номзодни сайласа, қолган 75 таси бўйича сиёсий партияга овоз беради.

Мазкур ўзгаришлар жамиятда сайловчиларнинг ҳуқуқий онгини юксалтиришга ҳам хизмат қилади. Сайловчи нафақат номзоднинг шахси, балки унинг дастури, илгари сураётган ғоялари, шунингдек, партиянинг мақсад-муддаолари билан ҳам яқиндан танишади, ўрганади, ўз таклифларини беради, лозим топса, қўллаб-қувватлайди. Бу орқали фуқароларнинг сиёсий жараёнлардаги иштироки кенгаяди.

 

Бекзод Нариманов

Тошкент давлат юридик университети бўлим бошлиғи

Ю.ф.ф.д.