Мамлакатимиз қадимий ва бой тарихга эга бўлиб, унда маданий ривожланишга доир умумтарихий жараён билан бирга, фақат юртимиз ўтмишига хос хусусиятлар ва қонуниятлар ўз аксини топган. Юртимиз ҳудудида сақланиб қолган қадимий масканлар тарихий-маданий изчилликни ва анъанавийликни таъминловчи муҳим омил бўлиб хизмат қилган. Шу омил асосида кейинчалик бу ҳудудда даврий жиҳатдан фарқланувчи, аммо этник ва тарихий-маданий тарафдан мустаҳкам алоқада бўлган ўзига хос тараққиёт босқичлари шаклланди ҳамда ривожланди.
Мана, бир неча ўн йиллардан бери Ўзбекистоннинг жанубий вилоятидаги антик давр ёдгорликлари нафақат юртимиз олимларининг, балки чет эллик мутахассисларнинг ҳам эътиборини жалб қилиб келади. Бу борада Санъатшунослик институти билан Япониянинг Сока университети ва Кўҳна Шарқ музейи (Токио) археологлари, Кашихара археология институти (Япония), Халқаро Марказий Осиё тадқиқотлари институти (Самарқанд), Шарқ халқлари санъати музейи (Москва), Сорбонна (Париж), Гарвард (АҚШ), Археология институти (Москва) кўп йиллик ҳамкорлик асосида илмий янгиликларни қўлга киритган. Бу эса ҳозир тикланиши зарур бўлган қадимги санъатнинг технологик услуби ва хусусиятларини ўрганишда муҳим асос бўлиб хизмат қилади.
Шунингдек, антик давр суяктарошлик санъатига оид хомашё ва буюмларнинг асосий турларини ясаш технологиясини аниқлаш археологик материалларни мутлақо янги кўринишда талқин қилиш имконини беради.
Ҳозир юртимизда беш мингга яқин археологик ёдгорлик мавжуд бўлиб, уларни замонавий геофизик, биологик, физик-кимёвий технологияларни қўллаган ҳолда тадқиқ этиш ва археологик қазиб олиш ишлари асосан хорижий экспедициялар мутахассислари кўмагида бажарилмоқда. Мамлакатимиз ҳудудидаги қадимги даврга оид археологик ёдгорликларнинг аксарият қисми хом ғишт ва пахсадан қурилган меъморий иншоотлар эканини инобатга олсак, уларнинг палеоландшафти ва планиграфисини аниқлашда маҳаллий ўзига хос геофизик ускуналар ишлаб чиқиш зарурати сезилмоқда. Жумладан, бу соҳада миллий кадрлар тайёрлаш, уларда амалий кўникмаларни шакллантириш ва малакасини ошириш талаб этилади.
Археология фанидаги ушбу бўшлиқни тўлдириш мақсадида Фанлар академияси Санъатшунослик институти ва Инновацион ривожланиш вазирлиги қошидаги Илғор технологиялар маркази мутахассислари билан биргаликда “Археологик ёдгорликларни тадқиқ этишда инновацион геофизик, биологик, физик-кимёвий технологияларни қўллаш” номли уч йиллик мақсадли амалий лойиҳа устида тадқиқот олиб борилмоқда.
Долзарблиги шундаки, ёдгорликларни анъанавий усуллар билан бирга замонавий геофизик методларни қўллаган ҳолда тадқиқ этиш мумкин. Ўрганишлар ёдгорликнинг маданий қатламини геофизик тадқиқ қилиш, унинг тарҳ тузилиши ва алоҳида археологик объектларни қазиш жойини мақсадли танлаш учун объектни ўрганиш нуқтаи назаридан катта маълумот беради.
Бугун мамлакатимизда археологик ёдгорликларни ўрганишда геофизиканинг зарарсиз усулларидан фойдаланиш бўйича тажриба жуда кам. Лойиҳа доирасида Санъатшунослик институти археологлари, Илғор технологиялар маркази геофизиклари Сурхондарё вилояти ҳудудидаги Кушон даврига оид археологик ёдгорликларни ўрганишни ўз олдига мақсад қилган.
Ушбу ҳудуд юртимизнинг энг қадимий ва бой тарихга эга жойларидан. Вилоятдаги археологик ёдгорликларни инновацион технологиялардан фойдаланган ҳолда комплекс тадқиқ этиш нафақат бой тарихимизни ўрганишга, балки ёшларни археологик қазилмалар билан таништириш ҳамда очилган қадимий меъморлик намуналарини очиқ осмон остидаги туризм объектига айлантиришда муҳим манба бўлиб хизмат қилади. Лойиҳани амалга ошириш натижасида инновацион геофизик, биологик, физик-кимёвий технологияларни қўллаган ҳолда, Сурхондарё вилоятидаги Кушон даври ёдгорликлари — Далварзинтепа, Қоратепа, Хайрободтепа ва Лойлаганмозор қўрғон ёдгорликларининг палеоландшафти ва планиграфияси аниқланади. Бу эса, ўз навбатида, Кушон даври шаҳарсозлик ва моддий-маданий мерос объектларига оид янги маълумотларни олишга имкон беради.
Тадқиқотлар доирасида Хайрободтепа ва Қ оратепа археологик ёдгорликларида GNSS (Сунъий йўлдошли глобал навигация тизим)ни қабул қилувчи ускуна ёрдамида объектларнинг географик координатларини аниқлаш, уларни геофизик маълумотларга боғлаш ва фотограмметрик кўринишини яратишга эришилади. Ушбу илмий натижалар юртимиз ҳудудидаги бошқа — қадимги давр археологик ёдгорликларини инновацион геофизикавий усулларни қўллаган ҳолда тадқиқ этишда қўл келади. Бу, ўз навбатида, туризм соҳасини ривожлантириш, ички ва ташқи сайёҳлар сонининг ортишига, соҳа бўйича миллий кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга хизмат қилади.