2021 йил 28-январь куни “Ўзархив” агентлиги томонидан Холокост музейи (АҚШ) билан ўрнатилган ҳамкорлик доирасида “Архивдаги холокост акс-садоси: манбалар ва тадқиқотлар” мавзусида халқаро илмий семинар бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикасининг “Ўзархив” агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстона алоқалар қўмитаси, АҚШ Ҳолокост ёдгорлик музейи, Қозоғистон Республикаси Президенти архиви вакиллари, “Ўзбекистон-Исроил” дўстлик жамияти, Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти, Г.И. Носов номидаги Магнитогорск давлат техника университети ва Ўзбекистон Миллий университети профессор-ўқитувчилари иштирок этди.

Тадбирда “Ўзархив” агентлиги директори У.Юсупов, Исроилнинг Ўзбекистондаги элчиси Зехавит Бен-Хиллель, архив манбаларини ўрганиш бўйича етакчи олимлар ва тажрибали мутахассисларнинг қизиқарли маърузалари тингланди.

Холокост ҳужжатлари миллий институти халқаро архив дастурлари директори Вадим Алцкан Холокост музейи фаолияти, унинг тарихи, кўргазмалари ва халқаро архив дастурлари ҳақида сўзлаб берди.

Семинар иштирокчиларида Холокост тарихига оид архив ҳужжатларини аниқлаш, танлаш ва ўрганиш амалиётига оид маърузалар катта қизиқиш уйғотди.

Масалан, Қозоғистон Республикаси Президенти Архивининг бош мутахассиси Евгения Викторовна Чиликова Холокост фожеасини ўрганиш бўйича тажрибаси билан ўртоқлашди, архив ҳужжатларини аниқлаш натижалари ва камчиликлари ҳақида сўзлаб берган бўлса, Г.И Носов номидаги Магнитогорск давлат техника университети умумий тарих кафедраси мудири, тарих фанлари доктори, профессор Марина Николаевна Потемкина “Иккинчи жаҳон уруши даврида аҳолини эвакуация қилиш. Бу қандай бўлган эди?” мавзудаги маъруасида муаммони ўрганишнинг муҳим жиҳатларига эътибор қаратди.

“Бухоро мероси” илмий маркази директори, тарих фанлари доктори Р.В. Алмеев “Холокостни эсланг”, Олий ва ўрта махсус таълими вазирлиги Педагогик инновациялар институтининг доценти, иқтисод фанлари доктори, профессор Ш.Я. Мақсудова уруш пайтида халқнинг тарихий хотираси ҳақида, Фанлар академияси Тарих институти ва Ўзбекистон Миллий архиви етакчи илмий ходими, тарих фанлари доктори Муҳайё Исақова Ўзбекистон архивлари ва Холокост музейи ўртасидаги ҳамкорлик тажрибаси ва истиқболлари масалалари бўйича маъруза билан иштирок этди.