Асаларичиликнинг ўзига хос сир-асрори мавжудки, бу жараён машаққат ва парваришда нозик ёндашувни тақозо этади. Шунга қарамасдан, кейинги йилларда Вобкентда ҳам асаларичилик тармоғи анча ривожланди. Косари, Қипчоқ, Работохун, Қўқин, Кумушкент, Хайробод каби ҳудудларда асалари оилаларини боқиб кўпайтириш, минг дардга даво асал етиштиришга эътибор ва рағбат ошмоқда. Бунинг эътирофи сифатида туманда ҳар йили ўтказиб келинадиган асал сайлини мисол келтириш мумкин.
— Асалари табиат мўъжизаси десак, муболаға эмас. Унинг парвариши ҳам кишидан ҳалол ва покизаликни талаб қилади. Сара бол олиш учун баҳор фасли жуда қулайлигидан фойдаланиб, ҳаво илиши билан, эрта баҳор кунларидан кенг далага, табиат қўйнига шошиламиз, — дейди асал сайли қатнашчиларидан бири, кўп йилдирки, асаларичилик билан шуғулланиб келаётган Неъмат Нарзиев. — 2018 йилда 5 қути асалари билан иш бошлаган бўлсак, ҳозирда оила аъзоларимиз кўмагида асалари оиласини 80 тага етказганмиз. Ҳар йилги мавсумда улардан 1,5 тонна атрофида дармондорига бой бол етиштириб олаяпмиз. Бундан эса эришаётган моддий манфаатдорлигимиз ҳам 100 миллион сўмдан кам эмас.
Асал сайлида миришкор хўжаликлар томонидан асалнинг турли хиллари намойиш этилди. Чунончи, оддий пахта даласида етиштирилган болдан чўл иқлимида исириқ ва бошқа гиёҳлардан олинган асал, янтоқ гули ҳиди уфуриб турган, яна олис тоғолди ҳудудларида етиштирилган хушбўй ва таркиби дармондорига бой шаффоф асал.
"Қамчинбоғ" маҳалласида яшовчи Аҳрор Тўхтаев асли касби – энергетик. Нафақага чиққунига қадар туман электр тармоқлари корхонасида фаолият юритган. У оиласи боғдорчилик- токзор парвариши билан бирга ёнига 5 нафар фарзандини олиб, асаларичилик билан ҳам жиддий шуғулланиб келади. Айни кунда улар тасарруфидаги 10 гектарга яқин узумзорнинг чор-атрофида сақланаётган асалари оиласи 60 тадан ошган. Ёзнинг дастлабки ойида тортилган асалдан миришкорлар оиласи қарийб 1 тонна асал олишга эришибди. Бу ҳар бир қутидан 12-14 килограм бол дегани.
Қўқин маҳалласида яшовчи Имомали Ниёзов ҳам асаларичилик билан шуғулланаётганига ўн йилдан ошган. Дастлаб 4 та асалари уяси билан иш бошлаган миришкор ҳозирга келиб 65 қути асалари оиласига эга. У ўз кўмакчилари билан бирга асалариларини эрта баҳордан боғларга, май ойидан яқин чўл ҳудудига кўчиришга одатланган, Бир қисми эса қишлоқ пахта даласи атрофиларида парваришланмоқда. Ўзининг айтишича, қишки мавсумда асалари уяларини совуқдан асраш, озиқлантириш, нобудгарчиликка йўл қўймаслик талаб қилинади. Парвариши рисоладагидек бўлса, ҳар бир кути асаларидан йилига ўртача 25 килограм сифатли бол йиғиш мумкин. Бу эса қарийб 2 миллион сўм даромад дегани.
Асал сайлига қайтсак, унда нафақат Вобкент, балки қўшни туманлардан келиб қатнашган кўп йиллик асаларичи ҳамкасблар бир-бири билан самимий суҳбат қуриб, тажриба алмашиш имконига эга бўлганлари баробарида, сайлгоҳга келганлар сара болдан баҳраманд бўлдилар.
Бухоро вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати