Жаҳонгир Ортиқхўжаев бошчилигидаги Тошкент шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари Ашхобод шаҳри ташкил этилганлигининг 140 йиллиги муносабати билан Ашхободнинг дўстона ва қардош шаҳарлари мэрлари (ҳокимлари) иштирокидаги халқаро видеоконференцияда иштирок этди.

Тадбир видеоконференция форматида бўлиб ўтди ва масофа узоқлигига қарамай, Туркманистон, Озарбайжон, АҚШ, Хитой, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Россия каби давлатларнинг шаҳарларининг ҳокимларини бирлаштирди.

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ўз чиқишида иштирокчиларни Ашхободнинг 140 йиллиги билан табриклади, Тошкент ва Ашхобод 2017 йилдан бери қардош шаҳарлар эканлигини таъкидлаб, бунга яққол далил тариқасида қатор омиллар хизмат қилишини айтди: Тошкентда «Ашхобод» истироҳат боғининг қурилиши, туркман шоири Маҳтумқули ҳайкалининг очилиши, пойтахт кўчаларидан бирига унинг номи берилиши. Шунингдек, у буюк ўзбек шоири ва давлат арбоби Алишер Навоийга Ашхободда ўрнатилган ҳайкал ва унинг номига аталган кўча ҳақида эслатиб ўтди. Яқинда Ашхобод шаҳрида «Тошкент» истироҳат боғи очилишини ҳам қўшимча қилиб ўтди.

Таъкидлаш жоизки, учрашув давомида иштирокчилар оқ мармарли бинолар ва улкан ҳайкаллари билан машҳур Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳри ҳозир ривожланишнинг янги босқичига кўтарилганини бир овоздан таъкидлашди. Ажойиб меъморий обидалар билан бир қаторда замонавий инфратузилмани, инновацион меъморий ечимларни бирлаштирган шаҳар тинимсиз ривожланиб, ўсиб бормоқда. Қатор давлатлар шаҳарларининг раҳбарлари иштирокидаги ушбу онлайн учрашув – Ашхобод ва қардош ҳамда дўстона шаҳарлар ўртасидаги муносабатлар ривожи ҳамда ҳамкорлик йўналишлари кенгайиши йўлидаги яна бир қадам, деб хабар беради Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати.