Брифингда «Ўзсувтаъминот» АЖ бошқаруви раиси ўринбосари Хуршид Раҳматуллаев аҳолидан тушаётган мурожаатлар билан ишлаш тизими ҳақида маълумот бериб ўтди.
Бугунги кунда «Ўзсувтаъминот» АЖ томонидан фуқаролар билан мулоқотни янада ривожлантириш мақсадида барча ижтимоий тармоқларда саҳифа ва гуруҳлар ташкил этилган. Улар орқали келаётган мурожаатлар тез фурсатда кўриб чиқилиб, муаммоларни ҳал қилиш даражасига кўра бартараф этилмоқда.
2021 йил январь ойи бошида Телеграмда очилган @uzsuvchat гуруҳи қисқа вақт ичида тез оммалашди ва ҳозир 1,6 мингдан ортиқ аъзоларига эга. Унга вилоят, туман ва шаҳар сув таъминоти жамиятларининг масъул вакиллари бириктирилди. Ушбу гуруҳга республика бўйича кунига 500 га яқин мурожаатлар келиб тушмоқда.
Facebook даги «Ўзсувтаъминот» АЖ гуруҳида ҳам мурожаатлар онлайн қабул қилиниб, тез ва ижобий ҳал этилмоқда. Ўтган йил декабрь ойининг ўзида 200 га яқин мурожаат кўриб чиқилиб, кўтарилган муаммолар ҳал этилиб, таклифлар эътиборга олинган.
Шунингдек, илк марта республика бўйича «1255» ягона қисқа рақами ишга туширилди. Мазкур рақамга кунига 1 000 га яқин мурожаатлар, муаммолар, таклифлар акциядорлик жамияти ҳамда ҳудудий МЧЖлар раҳбар ва мутахассислари томонидан туман ва маҳаллалар кесимида мурожаатчилар билан боғланган ҳолда ўрганилиб, ижобий ҳал қилиняпти.
Бундан ташқари, аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш учун Телеграм мессенжерида 24 соат «онлайн» бўладиган диспетчерлик гуруҳи йўлга қўйилди. Барча режали ва кутилмаган узилишлар ҳамда уларни бартараф этиш муддатлари оператив равишда ёритиб келиняпти.
Яна бир муҳим жиҳат, тез кунларда аварияларни бартараф этишда оператив муносабатни ошириш мақсадида «Сувни асра» мобил иловаси ишга туширилади. Ҳозирда Play Market va Apple Storeда текширувдан ўтяпти. Унинг афзаллиги шундаки, авария акс этган нуқтани расмга олиб, мобил илова ёрдамида жўнатилса, мутахассислар GPS тизимлари орқали ўша нуқтага тез етиб боради, деб хабар беради «Ўзсувтаъминот» АЖ матбуот хизмати.