Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кура, куни кеча Халқаро оғир атлетика федерацияси (IWF) ҳамда Ўзбекистон оғир атлетика федерациясининг расмий вакиллари мана шу масалага бағишланган видеоконференция ташкил қилишди.
Кун тартибидан 28-30 август кунлари «Ўзбекистон Республикаси Мустақиллиги кубоги» онлайн халқаро турнирини ташкил қилиш масаласи ўрин олди. Халқаро мутасаддилар мазкур ташаббусни катта қизиқиш билан қўллаб-қувватлашди. Суҳбат якунида томонлар ушбу баҳсларни катта масштабда ёритиб бориш борасида келишиб олишди.
Юртимизнинг бундай ташаббус кўрсатаётганини эшитган ҳамоно бир қатор мамлакатлар, жумладан, Саудия Арабистони, Хитой, Қозоғистон, Латвия, АҚШ каби терма жамоалар ушбу турнирда иштирок этиш истагини билдиришган.
Умуман олганда, бўлажак мусобақада 40 га яқин мамлакат вакиллари иштироки кутилмоқда. Ўз навбатида, карантин даврида бўлишимизга қарамасдан, мамлакатимиз спорти ривожи йўлида ташкил қилинаётган мазкур мусобақанинг ўтказилишига ҳукуматимиз ҳам хайрихоҳлик билдираётганини таъкидлаш жоиз. Бу борада мусобақа ғолиб ва совриндорлари учун пул мукофотлари ажратилиши маълум қилинди. Бу эса мусобақага бўлган қизиқишнинг янада ортишига сабаб бўлади.
Ўзбекистон, Миллий олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси ҳамкорлигида ташкил қилинадиган бўлажак мусобақа эса Тошкент вақти билан ўтказилади.