Австриянинг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур тадбирда Австрия томонидан металлни қайта ишлаш, инновация, қурилиш материаллари, автомобилсозлик, туризм, ускуна ва жиҳозларни етказиб берувчи 28 та компания ва Ўзбекистон томонидан 100 га яқин компаниялар иштирок этди.
Савдо-саноат палатаси хабарига кўра, “B2B” шаклидаги мулоқот давомида икки давлат ишбилармонлари савдо-иқтисодий ва инвестициявий йўналишлар бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш, республикамизга Австриядан саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун ускуналарни етказиб бериш ҳамда ҳамкорликда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди.
Эслатиб ўтамиз, “Austria Connect Central Asia” шиори остида юртимизда бўлиб турган Австрия бизнес делегациясининг ташрифи 3 июнга қадар давом этади.