Рақобат қўмитасига келиб тушаётган мурожаатлар бу ҳолатни яққол кўрсатмоқда, дея хабар қилади Қўмита матбуот хизмати.

Қўмита маълумотларига кўра, 2026 йилнинг ўтган даврида чакана савдо, электрон тижорат ва умумий овқатланиш соҳалари бўйича жами 6 414 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 1 230 таси (19,2 фоизи) электрон тижорат соҳасига тўғри келган.

Мурожаатларнинг аксарияти истеъмолчилар фойдасига ҳал қилинган. Жумладан:

  • 704 та (57,2 фоиз) мурожаат бўйича истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари тўлиқ тикланган;
  • 453 та (36,8 фоиз) мурожаат бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилган;
  • 33 та (2,7 фоиз) мурожаат тегишлилигига кўра бошқа ваколатли органларга юборилган.

Таҳлиллар электрон тижорат бўйича мурожаатларнинг асосий қисми йирик онлайн савдо платформалари ва муддатли тўлов хизматларига тўғри келишини кўрсатган.

Мурожаатлар сони бўйича Uzum Market етакчи — 446 та (36,2 фоиз). Кейинги ўринларда Uzum Nasiya — 184 та (14,9 фоиз), Alif Shop — 92 та (7,5 фоиз), Ishonch дўконлар тармоғи — 69 та (5,6 фоиз) ҳамда Yandex хизматлари — 63 та (5,1 фоиз) қайд этилган.

Қўмита мурожаатларни таҳлил қилиш жараёнида электрон тижорат соҳасида тизимли ечим талаб қиладиган бир қатор муаммоларни ҳам аниқлаган.

Жумладан, электрон тижорат иштирокчиларини идентификация қилиш ва ахборот шаффофлигини таъминлаш, электрон шартномалар ва муддатли тўлов тизимини такомиллаштириш, товарларни етказиб бериш ҳамда маблағларни қайтариш механизмларини яхшилаш масалалари долзарб бўлиб қолмоқда.

Шунингдек, онлайн платформалар масъулиятини кучайтириш, судгача низоларни ҳал қилишнинг рақамли механизмларини жорий этиш, электрон ҳужжат айланишини такомиллаштириш ҳамда истеъмолчилар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш зарурлиги қайд этилган.

Рақобат қўмитаси фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш ва уларнинг ҳуқуқларини тиклаш билан бир қаторда, келиб тушаётган мурожаатларни чуқур таҳлил қилиб, электрон тижоратдаги тизимли муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқмоқда.