Шундай мурожаатлардан бирини Фарғона вилояти Олтиариқ туманида яшовчи Ж.Юсупов (исми ўзгартирилган) йўллаган. Унда қайд этилишича, фуқаро Фарғона шаҳри Сайилгоҳ кўчасида жойлашган “Умид автолизинг” МЧЖдан лизинг орқали “Cobalt” русумли автоулов харид қилиш мақсадида шартномага асосан 46 831 000 сўм миқдорида бошланғич бадал тўлаган. Бироқ автомашина фуқарога ўз вақтида етказилмаган. Истеъмолчининг мурожаатлари ҳеч қандай самара бермаган.

Мазкур мурожаат федерациянинг Фарғона шаҳар жамияти ходимлари томонидан ўрганилиши натижасида Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани судига даъво аризаси киритилди. Суд жараёни бошлангунига қадар 46 831 000 сўм маблағнинг истеъмолчининг пластик картасига қайтарилишига эришилди, дейилади федерация матбуот хизмати хабарида.