Унга кўра:
Республика йўл жамғармаси негизида йўл хўжалиги соҳасида халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат молия ташкилотлари иштирокидаги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ижрочи орган сифатида Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитасининг Автойўлинвест агентлиги ташкил этилсин.
Агентликнинг асосий вазифалари ва фаолиятининг устувор йўналишлари:
- йўл хўжалиги тизимини такомиллаштиришга қаратилган лойиҳаларни, шу жумладан хорижий инвестициялар, халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг кредитлари иштирокидаги инвестиция лойиҳаларини аниқлаш, уларнинг йиллик, қисқа ва узоқ муддатли дастурларини ишлаб чиқишда иштирок этиш;
- лойиҳани ишлаб чиқишда тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорлик қилиш;
- йўл хўжалиги соҳасида халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари иштирокида кредит маблағларини жалб қилишда иштирок этиш;
- тендер савдолари натижасида ғолиб бўлган пудрат ташкилотлар билан тегишли шартномалар расмийлаштирилишини ташкил қилиш;
- лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан тизимли мониторинг юритиш, шунингдек, пудратчи ташкилотлар томонидан йўл хўжалиги соҳаси нормалари ва қоидалари талабларига риоя этилишини таҳлил қилиш, лойиҳаларни амалга ошириш жараёнида юзага келган муаммоларни ўз ваколати доирасида бартараф этиш чораларини кўриш;
- тегишли вазирликлар ва идоралар, шунингдек йўл хўжалиги соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишни молиялаштиришда иштирок этувчи халқаро ташкилотлар фаолиятига кўмаклашиш;
- инвестиция дастури прогнозларини ўз вақтида ижросини амалга ошириш ҳамда якунланган ишларни белгиланган тартибда фойдаланишга қабул қилишни таъминлаш.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига мувофиқ Агентлик ўзининг ҳузурида халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат молия ташкилотлари иштирокида йўл хўжалиги соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳлари ташкил этади;
Агентлик ҳузурида ташкил этиладиган лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳлари фаолияти халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари маблағлари ҳамда қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.