Аёл бахтли бўлса, оила тўкислигидан далолат беради. Жамият эса гуллаб-яшнайди. Маълумки, "Аёллар дафтар"и,"Темир дафтар"га киритилган хотин-қизларимиз давлатимиз томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Имтиёзли кредитлар, субсидиялар ажратиш натижасида улар мазкур "дафтар"лардан чиқарилмоқда.

Мақсад битта, аёл ўз ҳаётидан мамнун бўлсин. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева Тошкент вилояти Оҳангарон туманига ташриф буюрди. Қатор маҳаллалардаги муаммолар ва таклифлар ўрганилди. Сенат Раисига вилоят ҳокими Д. Ҳидоятов, вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари О. Парпибоева, халқ депутатлари вилоят кенгаши котибият мудири С. Файзиева, туман ҳокими А. Абдуллаев ҳамроҳлик қилди.

Дастлаб ҳудуддаги "Ғаллақудуқ" маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи “Ҳунармандлар уюшмаси" аъзоси Қизжибек Маматова томонидан уй шароитида ташкил этилган тикув цехи фаолияти билан танишилди. Айни пайтда мазкур оилавий цехда тикилаётган маҳсулотлар Тожикистон Республикасига экспорт қилинмоқда. Бундан олдин тадбиркор томонидан 70 минг дона бош кийим Россияга экспорт қилинган эди. Учрашувда тадбиркор томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўздан кечирилди.

Тикув цеҳидаги 20 нафар хотин-қизлар шу ернинг ўзида касб сирларидан бохабар этилади. Иш ўринларини кенгайтириш мақсадида икки ёш тадбиркор Қизжибек Маматова ҳамда Ҳусниддин Муҳамадовларга туман ҳокимлиги томонидан ер ажратилиши кўзда тутилган. Натижада яна юз нафар иш ўрни яратилади. Мазкур цехда "Темир дафтар" ҳамда "Аёллар дафтари" рўйхатига киритилган беш нафар аёллар бандлиги таъминланган. Ишчи хотин-қизлар билан қилинган самимий суҳбатдан сўнг муаммолар тингланди.

- Ҳудудимиз туман марказидан олисда жойлашган, – дейди "Ғаллақудуқ" маҳалла раиси Зоҳида Утепова. – Уч мингда зиёд аҳоли истиқомат қилаётган йиғинимиз кўп йиллардан бери эътиборсизлик оқибатида қишлоқ инфратузилмаси салоҳиятини йўқотганди. Ҳаттоки, боғча ёшидаги фарзандларимизнинг айримларини 20 чақирим наридаги болалар боғчаларида тарбиялашга мажбур эдик. Йиғинимиздаги 18 та кўчанинг 5 та кўпқаватли хонадонлари ҳамда яна шунда кўча аҳолиси ичимлик сувни тошиб ичишарди. Маҳалламиздаги "Обод қишлоқ" давлат Дастурини амалга оширилиши натижасида кўп қаватли уйларга ичимлик суви чиқарилди. Бешта кўчага сув мосламалари келтирилди. Тез фурсатда ишлар йўлга қўйилади.Шунингдек, 240 ўринли мактабгача таълим муассасасининг қурилиш ишлари бошлаб юборилган.

Маҳаллада 31 нафар хотин-қизлар "Аёллар дафтари"га, 8 нафари "Темир дафтар" рўйхатига киритилган. Шулардан тўрт нафар "Темир дафтар"дагилар иш билан таъминланиш арафасида.

Кейинги манзилдаги учрашув масъуллар ҳамроҳлигида қизил ҳудудга киритилган "Ялпоқтепа" маҳалла фуқаролар йиғинидаги "Аёллар дафтари" рўйхатида турувчи фуқаролар билан ташкил этилди. Очиқ мулоқот тарзида ўтган суҳбатда аёллар муаммолари тингланди. Уларни ҳал этиш бўйича тегишли вазифалар белгилаб олинди. Хусусан, Марғуба Қодированинг уй-жой кадастри масаласи ҳамда Оҳангарон шаҳар шифохонасида ишловчи ҳамшира Гулзира Турғунбоеванинг бир гуруҳ ҳамкасблари номидан қилган мурожаатлари ўрганилди. Ушбу ҳолат юзасидан тегишли ташкилотларга топшириқлар берилди.

"Ёнариқ" МФЙда ҳам аёлларни қийнаётган муаммолар тингланди. Ҳудудда амалга ошириш лозим бўлган лойиҳалар хусусида атрофлича маълумот берилди. Йиғилганлар туманда олиб борилаётган ижобий ишларни таъкидлаш билан бир қаторда мавжуд муаммолар ҳақида тўхталди. Жумладан, маҳалла яқинида жойлашган Янги Ангрен ИЭСдан чиқаётган зарарли чиқиндилар атрофга тарқалаётгани туфайли аҳоли зарар кўрмоқда. Фуқаро Шоира Раимқулова, Севара Парпиева,Шоира Мансурова, Дилором Ирсқулова ҳамда Турсуной Алиқулова каби бир қатор аёлларни экология, соғлиқни сақлаш тизими, сув, йўл, болалар майдончаси масалаларида кўтарган муаммолари атрофлича ўрганилди.

Туман ҳокимининг таъкидлашича, тумандаги 100 км ички кўчалар лой, тупроқлардан иборат. Апрель ойи якунига қадар 60 км масофадаги йўлларга шағал ётқазилиб,жорий таъмирланади. Шунингдек, 51 та мактабга 120 миллион сўмлик мусиқа асбоблари келтирилиши, мактаб спорт майдонлари атрофида болалар учун майдончалар қуриш режалаштирилган.

Оҳангарон тумани ҳокимлигида ўтказилган йиғилишда мавзуга оид кўплаб масалалар муҳокама қилинди. Туманда “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Темир дафтарда” рўйхатда турувчи фуқаро ва оилалар бўйича олиб борилаётган ишларнинг ҳолати кўриб чиқилди. Халқ депутатлари туман Кенгаши фаолияти ва депутатларнинг олиб бораётган амалий ишлари муҳокама қилинди. Туманда “маҳаллабай” ишлаш бўйича штаб фаолияти билан танишилди.

30 ёшдан юқори хотин-қизларнинг хатловдан ўтказилиб анкета сўровномалар тўлдирилди. Ўрганишлар натижасига кўра, 872 нафар хотин-қиз ижтимоий ҳолатлари бўйича “Аёллар дафтари”га киритилди. Кечаги кун ҳолатига кўра 32 нафар аёлларнинг муаммолари ҳал этилгани сабаб мазкур рўйхатдан чиқарилган. Маълумотларга кўра, 68 нафари хотин-қизлар нотурар ёки ўз номида бўлмаган уй-жойларда истиқомат қилади. Шундан 29 нафари ижарада яшайди. Уларнинг ижара шартномалари йўқлиги боис, компенсация тўлаш имкони йўқ. Йигирма беш нафар хотин-қизлар ички ишлар назоратида туради. Уларга ҳимоя ордерлари тақдим этилган.

Бу йил март ойида ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз аёллардан 78 нафари бандлиги таъминланди. Тадбиркорлик қилиш истагини билдирган 40 нафар аёллар тадбиркорлик йўналишида ўқитилди, шундан 13 нафарига имтиёзли кредит ажратилди. Томорқасидан самарали фойдаланиши учун 13 нафар хотин-қизга субсидия асосида иссиқхона қуриб берилди. Боқувчисини йўқотган эҳтиёжманд аёллардан 40 нафарига моддий ёрдам кўрсатилди. Бу борадаги ишлар тегишли тартибда давом этмоқда.

-Ҳудуд аёллари мавжуд муаммолар бўлса ҳам олиб борилаётган бунёдкорлик ишларидан мамнун эканлигиини айтяпти, – дейди Т.Норбоева. – Бироқ ҳали амалда қилинадиган ишлар кўп. Ҳудудлардан сайланган депутатлар мунтазам аҳоли билан ишлаши лозим.

Суҳбат давомида туманда "Аёллар дафтари", "Ёшлар дафтари" ва "Темир дафтарда" рўйхатда турувчи фуқаро ва оилалар бўйича олиб борилаётган ишларнинг ҳолати билан танишди. Халқ депутатлари туман Кенгаши фаолияти ва депутатларнинг олиб бораётган амалий ишлари муҳокама қилинди. Туманда “Маҳаллабай” ишлаш бўйича штаб фаолияти билан танишилди.

Нигора ЎРОЛОВА,

журналист