Хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, бандлигини таъминлаш мақсадида Хоразм вилояти реабилитация ва мослаштириш маркази ҳамда Гурлан реабилитация қилиш ва мослаштириш туманлараро намунали маркази ташкил этилди. Амалга оширилаётган ишларда оилалардаги маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилаш, ёшларни оилага тайёрлаш, уларни миллий қадриятлар руҳида тарбиялаш ҳам кўзда тутилган.
Жорий йилнинг беш ойи давомида вилоят реабилитация ва мослаштириш марказига 119 та, Гурлан реабилитация қилиш ва мослаштириш туманлараро намунали марказига 16 та мурожаат келиб тушган. Мазкур мурожаатлар асосида аёлларга тиббий, ҳуқуқий, психологик ёрдамлар кўрсатилди.
Тегишли ташкилотлар билан биргаликда «уйма-уй» юрилиб, вилоят бўйича нотинч оилаларнинг манзилли рўйхати шакллантирилди. Профилактик ишлар натижасида оилаларнинг руҳий ҳолати ўрганилиб, ижтимоий-маънавий соғломлаштириш хизмати амалга оширилди.
Вилоятда «Аёллар дафтари» рўйхатига киритилган 35 минг 511 нафар хотин-қизларнинг 11 минг 591 нафарига амалий ёрдамлар кўрсатилди. Улар орасида боқувчиси бўлмаган, ижтимоий ёрдамга муҳтож, I ва II гуруҳ ногирони бўлган, уй-жойга муҳтож, шунингдек, қарамоғида ногиронлиги бўлган болалари мавжуд эҳтиёжманд аёллар ҳам бор.
Шу йилнинг беш ойи давомида «Аёллар дафтари» рўйхатида турувчи ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин-қизларнинг тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган 958 нафарига фаолиятини йўлга қўйиши учун амалий ёрдам кўрсатилди.
Тарғибот-ташвиқот ишларида хотин-қизларимизнинг ҳуқуқий билимини ошириш, уларни тадбиркорлик билан шуғулланишлари учун яратилаётган имкониятлардан доимо хабардор қилишга алоҳида эътибор қаратиляпти. Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, сайёр қабулларда, аҳоли билан учрашувларда эркакларга қараганда аёллар фаоллик кўрсатаётганини кўп бор гувоҳи бўляпмиз. Мулоқотлар чоғида ижтимоий турмуш, оила ташвишларини эркаклар эмас, асосан аёллар ўз гарданига олиб, куйинчаклик кўрсатяпти. Яъни, мавжуд муаммоларнинг барчаси хотин-қизлар томонидан илгари суриляпти. Улар фарзандларининг овқатланишидан тортиб, кийинишигача, томорқа хўжалиги, электр, газ, сув таъминоти, бозор-ўчар, ободонлаштириш, умуман, кундалик ҳаётда учраётган нуқсонларнинг ўнгланишидан манфаатдор эканини билдираётир.
Бу аёллар, хотин-қизларнинг жамиятда фаоллиги, ҳуқуқий маданияти ошиб бораётганидан ва уларнинг ўз оиласига бўлган масъуллиги юқорилаётганидан далолатдир.
Хоразм вилоятида бугунги кунда 527 мингдан зиёд оилалар мавжуд бўлиб, афсуски, улар орасида маълум бир сабаблар туфайли низоли ҳолатларни бошдан кечираётганлар ҳам бор. Оила турмуш даражасидаги нотинч оилаларнинг манзилли рўйхати шакллантирилиб, оилада ва маҳаллаларда тинч осойишта, ёш авлодни соғлом турмуш тарзини миллий маънавий қадриятларимизга таянган ҳолда кенг тарғиб этиш орқали маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш борасида тарғибот ишлари олиб бориляпти. Фуқаролар мурожаатига ўз вақтида жавоб қайтариб, уларни ҳал этиш чоралари кўрилаётгани ижобий натижаларга асос бўляпти.
Тан олиш керак, кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан оилавий келишмовчиликларга тўла барҳам берилганича йўқ. Биламизки, ҳар бир оиланинг моддий, маънавий эҳтиёжи бор. Муаммо ва низоларнинг асосий сабаби ҳам ана шу эҳтиёжнинг қондирилмаганидадир. Бугунга келиб, ҳаётимизда ана шундай муаммолар мавжудлиги хусусида очиқ-ойдин гапира бошладик…
Ҳа, чиндан ҳам нима қилсак тинч-тотув яшаймиз, деган саволга бугун амалда жавоб излана бошланди. Тинч ва фаровон умр кечириш сири, шубҳасиз, ҳамжиҳатликда, унутилиб борилаётган урф-одат ва анъаналаримизда эканлиги кўп бора исботини топяпти.
Гулсара Қурбанбаева,
Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари,
Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи.