Танловни ташкил этишдан мақсад – Янги Ўзбекистонимизда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашда, эркин ва фаровон юртда баркамол авлодни тарбиялаб, жамиятдаги бунёдкорлик ишларида фаоллик, фидойилик кўрсатган заҳматкаш, мўътабар аёллар ва оналарга бағишлаб ёзилган шеърий асарлар муаллифларини рағбатлантириш ҳамда янги асарлар ёзишга руҳлантиришдир.
Мазкур танлов йилига икки маротаба кенг ижодкорлар оммаси ўртасида ўтказилди. Жорий йилдаги биринчи танлов Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги байрами арафасида ўтказилган бўлса, иккинчи танлов 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси кунига бағишланди.
Ҳайъат аъзолари танловга келиб тушган мўътабар аёл, она сиймоси куйланган жами 34 нафар муаллифнинг 80га яқин нашр қилинган ижодий ишларини кўриб чиқди. Чоп этилган китоблар, матбуотда эълон қилинган материаллар жанр таснифи бўйича қуйидагиларни ташкил этди: шеърлар ва шеърий тўпламлар, достонлар, шеърий туркумлар. Асарлар ҳайъат аъзолари томонидан холисона баҳоланди.
Танловга аёлга, мўътабар оналарга бағишланган, 2019 йилнинг 1 августидан 1 декабригача бўлган даврда китоб ҳолида чоп этилган шеърий асарлар, достонлар, газета ва журналларда нашр қилинган ҳамда янги ёзилган туркум шеърлар тақдим этилди.
Тақдирлаш маросимида ғолиблар эълон қилиниб, уларга Ёзувчилар уюшмасининг диплом ва эсдалик совғалари топширилди. Иштирокчилар танлов юзасидан ўз фикрларини баён қилиб, ташкилотчиларга миннатдорлигини билдирди.
Зулайҳо Аҳмаджонова,
журналист