Мамлакатимизда хотин-қизлар учун муносиб шароитлар яратиш, жамият ва давлат ишларида эркаклар билан тенг ҳуқуқли бўлишини таъминлаш, уларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу борада мамлакатимизда мустаҳкам қонуний асослар яратилди. Шунинг баробарида бу йўналишда ҳали ечимини кутаётган вазифалар ҳам талайгина. Бу ҳақда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Давлат бошқаруви академияси ҳамкорлигида “Аёлларнинг давлат хизматидаги ўрни: замонавий тенденциялар” мавзусида Тошкентда ташкил этилган илмий-амалий анжуманда сўз борди.
Сенатор ва депутатлар, вазирлик ва идоралар масъул ходимлари, кенг жамоатчилик вакиллари, ҳар жабҳада фаол хотин-қизлар иштирок этган тадбирда таъкидланганидек, янги таҳрирда қабул қилинган Конституциямизда хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилиги алоҳида белгиланган. Жумладан, давлат хотин-қизларнинг барча соҳада фаолият юритиши учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлаши кўзда тутилган. Шу мақсадда “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар, Сенат томонидан тасдиқланган 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси амалиётга самарали татбиқ этиб келинмоқда.
Мамлакатимизда яратилган меритократия тамойилига кўра, ҳар қандай давлат хизматчиси, жинсидан қатъи назар, ўз қобилияти ва касбий тайёргарлигига мувофиқ лавозим эгаллаши мумкин. Жумладан, хотин-қизларнинг давлат бошқарувида фаол иштирок этиши учун зарур шароит яратилмоқда. Натижада, сўнгги йилларда мамлакатимизда қарорлар қабул қилиш жараёнида хотин-қизларнинг иштироки сезиларли даражада ошиб, тадбиркорлик соҳасида 37 фоизга, сиёсий партияларда 46 фоизга, олий таълимда 48 фоизга етди.
Статистика агентлигининг 2022 йилги маълумотига кўра, Ўзбекистонда бошқарув ходимлари таркибида аёлларнинг улуши 28,2 фоизни ташкил этган. Қонунчилик палатаси депутатларининг 33 фоизи, сенаторларнинг 24 фоизи, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари депутатларининг 25 фоизи аёллардир. Бугунги кунда республика ва маҳаллий даражадаги ижро ҳокимияти органлари раҳбарлик лавозимларида 240 дан зиёд хотин-қиз фаолият юритиб келмоқда.
Давлат бошқарувида хотин-қизлар улушини янада ошириш мақсадида махсус дастур ишлаб чиқилди ва ижрога қаратилди. Дастур доирасида турли соҳада бошқарувчилик салоҳиятига эга 25 мингдан зиёд хотин-қиздан иборат кадрлар захираси шакллантирилди. Давлат бошқаруви академиясида раҳбар хотин-қизларни тайёрлаш бўйича алоҳида “Раҳбар аёллар мактаби” ўқув курслари ташкил этилиб, ҳар йили камида 100 нафар хотин-қиз ўқитиб келинмоқда.
Хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш бўйича “Раҳбар аёлнинг бир куни” тадбирлари, маҳаллаларда “Мамлакат тараққиётида хотин-қизлар улуши” мавзуларида давра суҳбатлари ҳамда учрашувлар ҳафталиги ўтказилмоқда. Сиёсий партияларда фаолият юритаётган хотин-қизларни лавозимларга тавсия этишга қаратилган “ижтимоий лифт” тизими яратилди. Хусусан, сиёсий партияларда фаолият юритаётган ташаббускор раҳбар хотин-қизлар сараланиб, миллий кадрлар захирасига киритилди.
Юқорида таъкидлаганимиздек, хотин-қизлар учун тенг ҳуқуқли шароитлар яратиш борасида эришилаётган натижалар билан бир қаторда, ҳали ечимини кутаётган масалалар ҳам талайгина. Жумладан, хотин-қизлар учун давлат хизматига кириш жозибадорлиги ва иш режими қулайлигини ошириш, аёлларнинг меҳнат бозорида рақобатбардошлигини таъминлаш, оиланинг фарзандлар тарбиясидаги масъулиятини уйғунлаштириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, хотин-қизларнинг мансаб пиллапояларидан кўтарилишида мавжуд гендер стереотипларни бартараф этишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.
Шу боис, анжуманда хотин-қизларнинг давлат хизматидаги ўрни ҳамда давлат ва жамият ҳаётидаги ижтимоий-сиёсий масалаларни ҳал қилишда, долзарб аҳамиятга эга бўлган қарорларни қабул қилиш ҳамда уларни амалга оширишда иштирокини янада кенгайтириш, ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.
Баҳор Хидирова,
“Янги Ўзбекистон мухбири