Шу муносабат билан ёқилғи-энергетика тизимининг совуқ об-ҳаво шароитида барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, дея хабар бермоқда Энергетика вазирлиги.
Қайд этилишича, электр, иссиқлик ва газ тармоқларида қўшимча техник кўриклар ўтказилиб, ишлаб чиқариш ҳамда етказиб бериш қувватлари мавжуд об-ҳаво шароитига мослаштирилди.
Масъул хизматлар кучайтирилган тартибда, 24/7 режимида иш олиб бормоқда.
Совуқ кунларда энергия ресурсларига бўлган талаб ортиши сабабли айрим ҳудудларда вақтинчалик техник чекловлар кузатилиши мумкин. Бундай ҳолатларда аҳоли ва ижтимоий объектларни барқарор таъминлаш устувор вазифа сифатида белгиланган.
Истеъмолчилардан электр энергияси ва табиий газдан оқилона фойдаланиш, иситиш ускуналаридан тежамкорлик билан фойдаланиш сўралади. Уй-жойларда иссиқликни сақлаш орқали ҳам энергия тежалади, ҳам хона ичида қулай ҳарорат таъминланади.
Шунингдек, иситиш ускуналарини қаровсиз қолдирмаслик, улардан фойдаланиш вақтида хонани шамоллатиб туриш, дудбурон ва вентиляция тизимларининг ишлаш ҳолатини мунтазам текшириб бориш лозим.
Ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш мақсадида ёпиқ хоналарда очиқ олов ёки носоз иситиш қурилмаларидан фойдаланмаслик, имконият бўлса, ис гази аниқлагич ускуналардан фойдаланиш тавсия этилади.
Электр ва газ таъминоти билан боғлиқ савол, мурожаат ва таклифлар бўйича қуйидаги алоқа рақамларига мурожаат қилиш мумкин:
- Электр таъминоти бўйича: 1154
- Газ таъминоти бўйича: 1104 ва 104