Йил якунигача Ғузор, Шўртан, Муборак, Деҳқонобод ва Нишонда олтита саноат кластери ташкил этиш, Шўртан, Муборак, Яккабоғ ва Косонда “Қашқадарё” эркин иқтисодий зонаси филиалларини очиш вазифаси қўйилди. Инфратузилма учун дастлаб 250 миллиард сўм йўналтирилади.
Шунингдек, Хитойнинг “FM World” корхонасида йиғилаётган замонавий трактор ва қишлоқ хўжалиги техникаларини маҳаллийлаштириш, мазкур корхонада агродронлар ишлаб чиқариш лойиҳаларини бошлаш белгиланди.
Президентимиз ўтган ҳафта энергетика соҳасидаги йирик инвесторларнинг ташаббусларини бирма-бир эшитганини қайд этди. “Масдар” компанияси келаси йил Қашқадарёда 300 мегаваттли қуёш электр станцияси ва 75 мегаваттли энергия сақлаш қувватини ишга туширади. Ушбу лойиҳа қиймати 250 миллион доллар.
Қарши туманида хитойлик ҳамкор иштирокида чиқиндидан электр энергияси олиш бўйича 45 мегаваттли лойиҳа якунланмоқда. Электр тармоқларини мустаҳкамлаш учун Нишон ва Кўкдалада иккита йирик подстанция қурилишига 70 миллион доллар жалб қилинади. Уларни келаси йил ишга тушириш вазифаси қўйилди.
Толимаржон – Сўғдиёна йўналишидаги 245 километр янги электр тармоғига 150 миллион доллар ажратилган. Мутасаддиларга ушбу лойиҳани келаси йил якунлаш топширилди.