Кадастр агентлигининг маълум қилишича, айрим фуқаролар «қурилиши мавжуд бўлса эътироф этилар экан» деб бўш ерга тезроқ иморат қуриш ҳолатлари кузатилмоқда.
Агентлик қонун лойиҳаси ҳақида айрим маълумотларни маълум қилди. Таъкидланишича, қонун лойиҳасида 8 та йўналишдаги ҳолатлар кўриб чиқиши назарда тутилган. Ушбу ҳолатларнинг барчасига ҳуқуқ эътироф этилади деб тушунмаслик керак.
Лойиҳада кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш эмас, балки ҳуқуқ белгиловчи ҳужжатлари бўлмаганлиги учун ер ва биноларига ҳуқуқни эътироф этиш масаласи кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари томонидан ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга эмас, балки тадбиркорлик субъектларига туман ҳокимликлари томонидан ер ажратилиб, вилоят даражасида тасдиқланмаган ҳолатлар ҳамда тадбиркорлик субъектлари кичик саноат зоналарига жойлаштирилиб, ҳоким қарори чиқарилмай қолган ҳолатлар кўриб чиқилиши назарда тутилган.
Лойиҳада кадастр ҳужжатлари расмийлаштирмаганлик учун эмас, ерни ўзбошимча эгаллаганлиги учун ва ушбу ерга ҳуқуқлар эътироф этилган тақдирдаги маъмурий жавобгарлик масалалари ёритилган.
"Ҳозирда айрим юртдошларимиз томонидан «қурилиши мавжуд бўлса эътироф этилар экан» деб бўш ерга тезроқ иморат қуриш ҳолатлари кузатилмоқда.
Огоҳлантириб айтишимиз керакки, қонун лойиҳасида 2018 йил 1 майга қадар қурилган объектлар кўриб чиқилади, деб кўрсатилган.
Агарда қурилма ўзбошимчалик билан белгиланган даврдан кейин қурилган бўлса, бундай иморатлар белгиланган тартибда бартараф этилади ҳамда маъмурий ва жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.
Шу сабабли, фуқароларимиздан ўзбошимчалик билан ерларни эгаллаш ва унга иморат қурмасликларини сўраб қоламиз.
Яна шуни ҳам эътиборга олиш керакки, ҳозир биз қонун лойиҳаси ҳақида гапиряпмиз ва лойиҳага муҳокама жараёнларида ўзгаришлар киритилиши мумкин" дейилади баёнотда.