28 январ куни маҳаллий вақт билан соат 22:33 да Озарбайжоннинг “Азал” авиакомпаниясининг самолёти Урганчга келиб қўнди. Боку — Урганч — Боку янги парвоз йўналишини очган бортида 99нафар йўловчиси бўлган Аирбус А319 самолёти анъанага кўра тантанали равишда кутиб олинди. Мунтазам рейслар ҳафтада бир марта — шанба кунлари амалга оширилиши режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, Урганч Озарбайжон авиаташувчиси парвоз қила бошлаган Ўзбекистондаги тўртинчи шаҳар бўлди. Бокудан Тошкентга рейслар ҳафтасига икки марта — пайшанба ва якшанба кунлари мунтазам равишда амалга оширилади. Бокудан Самарқандга — сешанба ва пайшанба кунлари. Бокудан Фарғонага — пайшанба кунлари.
1992 йилда ташкил этилган Озарбайжон Ҳаво Йўллари (Азал) авиакомпанияси йирик авиаташувчи бўлиб, Боэинг ва Аирбус самолётларининг замонавий паркига эга бўлган МДҲ мамлакатлари авиация ҳамжамиятидаги етакчилардан бири ҳисобланади.