Унинг санъат оламига чуқурроқ кириб келишига “Хоразм Маликаси” танлови сабаб бўлган. Унда иштирок этган Азиса дастлаб, ғолибликни ўйламаган ҳам  эди. У танловнинг ҳамма босқичларида ғолиб бўлиб, “Хоразм маликаси”га айланди. Бу эса, Азиса учун санъат эшикларининг кенг очилишига сабаб бўлди. Чунки, шундан сўнг, кетма-кет хонандалар уни ўз клипларига таклиф эта бошладилар. Албатта, Азиса бунгача ҳам, санъатга бегона эмасди! Хоразм диёрининг бу истеъдодли фарзанди, болаликданоқ тадбирларда қўшиқ куйлаб рақсга тушиб, вилоятдаги тадбирларда фаол иштирок этиб, анча танилиб улгурган эди.

Шунингдек, ўқувчилик йилларидаёқ илк шеърлари “Юлдуз” номли китобчада нашр қилинган, кейинчалик кўплаб шеърлари “Ғунча”, “Гулхан” каби болалар, ўсмирлар журналлари, ҳамда бир қатор газеталар ҳамда, китобларда ҳам чоп этилган эди. Қолаверса, у 2011-2012 йилларда эса, Азиса Раджабова «Зулфия» номидаги Давлат мукофоти лауреати ҳам бўлган эди. “Хоразм маликаси” бўлгач эса, клиплардаги иштироки унинг қалбини санъат ришталари билан янада маҳкам боғлади. Бунёдбек Саидовнинг “Сарамисан”, “Уммон” гуруҳи хонандаси Шохрухнинг “Уммон”, Дилмурод Султоновнинг “Ойша”, Наврўз Собировнинг “Бика”, Бекзод Жўраевнинг “Инстаграм”, Наврўз Собировнинг “Бурмак”, Достон Ибодуллаевнинг “Сара”, “Сара 2” ва “Гулим”, Камрон Собуровнинг “Чемодан”, Зафар Қурбонбоевнинг “Чиройлигим” каби 30 дан ортиқ клиплардаги иштироки, 2016 йилдан бошлаб Хоразмнинг ҚВЗ Дипломат жамоаси билан биргаликда концертлардаги чиқишлар, уни санъат оламидаги ўрнини янада мустаҳкамлади.

Бу орада Азиса Раджабованинг қалбида қўшиқ куйлашга ҳам меҳр уйғонди ва у хонанда сифатида “Севаман” ва “Айбламагин” қўшиқларини куйлаб, уларга клип ҳам суратга олдирди.

Шундан сўнг, Азиса Раджабовага пойтахтдаги ижодкорлар ҳам эътибор қарата бошлашди ва у “Кўча” сериалидаги Лайло ролига таклиф этилди. Бу унинг кино оламига қўйган дастлабки қадами бўлиб, шундан сўнг, “Дайди қизнинг дафтари” сериалидаги Робия ролини ижро қилди. У Робиянинг дарди, кечинмаларини ўзидан ўтказиб, таъсирли ижро қилгани, сериал продюсери Дониёр Агзамовнинг эътиборини тортди. Чунки, Азиса унда қаҳрамони характерини томошабинларга етарлича очиб бера олган эди. Ундаги маҳорат, ўз устида тинимсиз ишлаш ва интилишни кўрган сериал продюсери Дониёр Агзамов Азизани навбатдаги янги катта лойиҳаси, ҳозирда “Zo’r TV” телеканали орқали намойиш этилаётган “Қил устидаги тақдир” сериалидаги бош қаҳрамон Лобар ролига таклиф қилди. Бу эса, актриса Азиса Раджабова учун жуда муҳим, масъулиятли катта қадам бўлди! Чунки, бу унинг дастлабки бош роли бўлиб, сериал асосий қаҳрамон Лобар тақдири ҳақида ҳикоя қилад. Актриса ҳам, масъулиятни тўла-тўкис ҳис қилган ҳолда, бу ролга жону дили билан киришди! У суратга олиш жараёнида бутунлай Лобарнинг ҳаёти билан яшади! Сериал саундтреки учун “Айбламагин” таронасини ҳам ўзи куйлади. Унинг меҳнатлари бесамар кетмади. Ҳозирда мазкур сериал томошабинлар эътиборида бўлиб, унинг ҳар бир қисми катта қизиқиш билан кўриб борилмоқда. Истеъдодли актриса Азиса Раджабовадан келгусида ҳам, мана шундай таъсирли, томошабин юрагига кириб борадиган ролларни кутиб қоламиз.