Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар қилди.

Музокаралар давомида давлат-хусусий шериклик асосида соғлиқни сақлаш соҳасида замонавий инфратузилмани ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Хусусан, Фарғона вилоятида давлат-хусусий шериклик асосида компьютер томографияси бўлимларини ташкил этиш инвестиция лойиҳасини амалга ошириш истиқболлари кўриб чиқилди.

Шунингдек, “Unison Capital Investment” компанияси Ўзбекистон бўйлаб 100 та тўлиқ циклли диагностика марказларини ташкил этиш режасини тақдим қилди. Ушбу марказларда МСКТ, МРТ, рентгенография, гемодиализ ҳамда лаборатория диагностикаси хизматларини йўлга қўйиш режалаштирилган.

Томонлар мазкур лойиҳалар аҳолига замонавий ва сифатли тиббий хизматларни янада кенгроқ етказиш имконини беришини таъкидлади.

Учрашув давомида компания раҳбариятининг Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этиши ҳамда форум доирасида Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарлари билан музокаралар ўтказишига келишиб олинди.

Қайд этилишича, мазкур ташаббуслар ҳудудларда юқори технологияли диагностика хизматлари қамровини кенгайтириш, уларнинг аҳоли учун арзон ва қулай бўлишини таъминлаш ҳамда соғлиқни сақлаш соҳасига хорижий инвестицияларни жалб қилишда муҳим аҳамият касб этади.

“Unison Capital Investment” соғлиқни сақлаш ва капитал талаб қиладиган соҳаларда инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга ихтисослашган хусусий компания ҳисобланади. Компания давлат-хусусий шериклик асосида тиббий инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш бўйича БААдаги етакчи хусусий ташкилотлардан бири саналади.